Бугун,18 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлис давомида Сенат раиси ҳозир жойларда аёлларни реабилитация қилиш марказлари нодавлат нотижорат ташклиотлар сифатида иш олиб бораётгани ҳақида фикр билдирди, деб хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Сенат раиси таъкидлашига кўра, ННТ томонидан аёлларни реабилитация қилиш марказлари халқаро стандартлар асосида иш олиб бормоқда.

«Биз хотин-қизларга ижтимоий ёрдам беришда уларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланишимиз керак. Шунингдек мазкур йўналишда кадрлар салоҳияти масаласи ҳам муҳим. Кимлар аёлларни реабилитация қиляпти? Кимлар аёлларга психолигик, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам беряпти? Бу борада ҳам етарлича муаммолар бор», — деди Танзила Нарбаева.

Сенат раиси бугунги кунда ёрдамга муҳтож аёлларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳимоя ордери берилаётганига тўхталиб ўтди.

«Лекин ўша аёли бир ойдан сўнг яна зўравон эри билан ҳаётини давом эттиради. Яна бошқатдан аввалги салбий ҳолатлар бошланади. Шунинг учун биз биринчи навбатда бу тоифадаги аёлларни тўлиқ нормал ҳаётга қайтариш чораларини кўришимиз керак», — таъкидлади у.

Танзила Нарбаеванинг сўзларига кўра, уларни «Аёллар дафтари»га киритиб, уй-жой масаласи, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш чорасини кўриш лозим.

«Бу ҳам инсон ҳуқуқи, аёл ҳуқуқи. Аёлига зўравонлик қилаётган шахсларга нисбатан кўрилаётган чоралар етарли эмас. Гарчанд улар қонунчилигимизда белгиланган бўлишига қарамай. Шундай бўлса ҳам бу бўйича ишларни тизимли назоратга олиш керак», — дейди Сенат раиси.

Июль ойида Танзила Нарбаева тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган аёллар ҳақида гапирар экан, ҳимоя ордерини ҳеч ким олмасада керак, деган фикрда бўлганиниайтган эди.«Айниқса Ўзбекистонда, узоқ қишлоқларда яшаётган аёллар уйимдаги гап-сўзлар кўчага чиқмасин дейди. Бу тизим қандай ишлар экан деб ўйласам, 1 йил ичида 15 минг аёл ҳимоя ордерини олибди», — деганди у.

Ўзбекистон Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик глобал индексида 170 та мамлакат ичидан 74-ўринни эгаллаган. Рейтинг аёлларнинг хавфсизлиги, уларнинг парламентдаги улуши, дискриминацион нормалар сингари категориялар асосида тузилган.