18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди. Мажлисда депутатлар Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига Акмалхўжа Мавлонов номзодини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон президентининг фармонлари билан Акмалхужа Юсупович Мавлонов бош прокурор ўринбосари лавозимидан озод этилиб, ДБҚ раиси лавозимига тасдиқланди. Унга «Божхона хизмати генерал-майори» махсус унвони берилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун 2018 йилнинг февралидан буён Давлат божхона қўмитасига раислик қилаётган Муротжон Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланди.

Акмалхўжа Мавлонов тайинловга қадар Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи, Хоразм вилояти прокурори, Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

2019 йилнинг июль ойида у Наманган вилояти прокурори лавозимига тайинланганди.