«Андижон нефть базаси» ва «Жиззах нефть базаси» собиқ раҳбар ва масъул ходимлари фаолияти давомида камомад, ходимларга асоссиз тўловлар ва дебиторлик қарзларини вужудга келтиргани учун қўзғатилган жиноят иши судга оширилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

«Газета.uz» 25 май куни «Андижон нефть базаси»даги талон-тарож ва йўл қўйилган камчиликлар ортидан 10 нафар масъул мансабдор лавозимидан озод этилгани ҳақида ёзган эди.

Унда «Андижон нефть базаси»да 24,3 млрд сўм дебитор қарздорлик юзага келгани ва 2021 йил 1 апрель ҳолатига қарздорликлар муддати ўтган ҳисобланиши айтилганди.

Бундан ташқари, ўз вақтида ундирмагани учун «Андижон нефть базаси» бўйича 2006−2017 йилларга оид 8,6 млрд сўм дебиторлик қарздорлиги «умидсиз қарз»га айланиб улгурган.

Қолаверса, 2019−2021 йилларда биржа савдолари орқали сотиб олмасдан, ноқонуний тарзда истеъмолчиларга юклаб жўнатган нефть маҳсулотлари хозирги кундаги харид нархлари билан солиштириб ҳисобланганда жами зарар миқдори 6 млрд 240 млн 470,1 минг сўмни ташкил этиши айтилганди.

Жамият ва унинг филиаллари томонидан 408 та холатда 129,7 млн сўмлик иш хақи, моддий ёрдам ва мукофот пуллари ортиқча ҳисобланиб тўланган, компенсация тўловлари ноўрин ҳисобланган. Меҳнат шартномаси бекор қилинган 6 нафар собиқ ходим номига 29 млн 997 минг сўм иш ҳақи ёзилган.

Шулардан келиб чиқиб, «Андижон нефть базаси» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши 3 ноябрь куни айблов хулосаси билан мазмунан кўриб чиқишлик учун Андижон вилояти судига юборилган.

«Газета.uz» 24 март куни амалда белгиланган меъёрий ҳужжатларга мунтазам амал қилмаслик оқибатида «Жиззах нефть базаси» МЧЖда 35,4 млрд сўм дебитор қарздорлик юзага келгани ҳақида ёзганди.

Шу билан бирга, жамият томонидан 788 нафар ходимга 806,9 млн сўмлик компенсация тўловлари ноўрин ҳисоблангани маълум бўлганди.

Бундан ташқари, жамоа шартномасига зид тарзда интизомий жазо қўлланган 23 нафар ходимга 7,9 млн сўм мукофот пули тўлаб берилган. Меҳнат шартномаси бекор қилинган 26 нафар собиқ ходимлар номига 33,8 млн сўм иш ҳақи ёзилган.

Шу муносабат билан «Жиззах нефть базаси» мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши 27 сентябрь куни айблов хулосаси билан мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида 2021 йилнинг 11 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида иш фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун «Жиззах нефть базаси» директори М. Акбўтаев ва «Андижон нефть базаси» директори И. Болтабоев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.