Тошкент вилоятида вакцина олишни рад этган ходимларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди, деб хабар бермоқда СЭОМ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан вилоятда 1863 та текшириш тадбирлари ташкил этилган, шунга қарамасдан 6526 нафар фуқаро вакцина олмагани аниқланган.

«Улардан 1402 нафари тадбиркорлик субъектлари ва 5035 нафари эса бюджет ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролардир», — дейилади хабарда.

Ушбу фуқароларга қонунчиликда белгиланган талабларга амал қилмаганлиги учун чоралар кўрилгани айтилмоқда.

«Бундай ҳолатлар Тошкент вилоятида 3608 тани ташкил этади. Булар орасида 3229 нафар ходим вақтинча ишдан четлаштирилган, 374 нафари тегишли тартибда жаримага тортилган бўлса, бештаси фаолияти тўхтатилган объектлардир», — дейилади СЭОМ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2 август куни президент имзолаган қонунга кўра, Меҳнат кодексига ходим эмланишдан бош тортган ҳолда иш берувчи уни вақтинча ишдан четлатиши мумкинлиги ҳақида ўзгартиш киритилган эди.