23 ноябрь куни Wyndham Tashkent меҳмонхонасида биринчи инклюзив бизнес-форум бўлиб ўтади, унинг мақсади Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни инклюзив иш билан таъминлаш амалиётини оммалаштиришдан иборат.

Иш жойидаги инклюзивлик ва хилма-хиллик нафақат глобал тенденциялардан бири, балки ижтимоий йўналтирилган ва масъулиятли бизнесни ривожлантиришнинг муҳим шартидир. Масалан, Google технология гиганти ногиронларни ишга олиш учун махсус дастур яратди. Компания бутун дунё бўйлаб миллиардлаб фойдаланувчилар учун инновацион IT-ечимларни ишлаб чиқиш ва етказиб бериш учун рақамли маҳсулотларини ишлатиб, одамларнининг манфаатларини ифодаловчи кадрларга муҳтожлигини тан олади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 1 миллиардга яқин одам ёки аҳолининг 15 фоизи қайсидир шаклдаги ногиронликка эга. 2020 йилда Ўзбекистонда 781,3 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс расман рўйхатга олинган. Аммо уларнинг атиги 2 фоизга яқини расман иш билан банд.

Ногиронларнинг бандлик даражасининг бундай пастлигининг сабаблари салбий стереотиплар ва нотўғри қарашлар, иш берувчиларнинг ўзларининг меҳнат фазилатлари, қобилиятлари ва истеъдодларига ишонмасликлари, шунингдек, очиқ меҳнат бозорида ногиронлик асосида ҳамма жойдаги дискриминациядир.

Ўзбекистонда инклюзия билан боғлиқ ишлар қандай кетмоқда? Мутахассисларнинг таъкидлашича, глобал инклюзивлик тенденцияси ҳали мамлакатга етиб бормаган. Бу ерда ногиронларга давлат ташкилотлари ва хусусий секторнинг потенциал ходимлари эмас, асосан хайрия ва реабилитация ёрдами олувчилар сифатида қаралади.

Вазиятни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги «Шароит Плюс» ногиронлар жамоат бирлашмаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори кўмагида Биринчи инклюзив бизнес-форумни ташкил этмоқда.

Бизнес ва ижтимоий соҳа ўртасидаги кўприк бўлган форум бизнес ва тадбиркорлик соҳасида инклюзив меҳнат амалиётини жорий этиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг муносиб бандлигини ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган.

Тадбир турли шаклдаги ногиронлиги бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар учун тенг шароитлар ва тўсиқларсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича ногиронлар жамоат ташкилотлари ва маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган.

Офлайн ва онлайн режимда ўтадиган гибрид форматдаги форумда йирик, ўрта ва кичик бизнес вакиллари муваффақиятли инклюзив бандлик тажрибаси билан ўртоқлашадилар.

Иштирокчилар, шунингдек, турли ногиронлиги бўлган одамларни ишга қабул қилишда дуч келадиган муаммо ва қийинчиликларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўладилар. Буюк Британия, Россия ва Қозоғистондан келган миллий ва халқаро экспертлар инклюзия бўйича ўз тажрибалари билан бўлишадилар, ўз малакалари ва илғор тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

Go-Web.uz, UIC Group, «Imkon Uzbekistan» НТТ, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси, Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси, Centil юридик фирмаси тадбир ҳамкорлари ҳисобланади.

Маърузачилар сифатида SmartGov Consulting, Asaxiy.uz, CARE CSR, Evos, Click, Standard Poligraf Service маҳаллий компаниялари, шунингдек Business Disability Forum, «Перспектива» НҲЖТ ва Training Café халқаро ташкилотлари вакиллари ва экспертлари қатнашадилар.

Форум ishplus.uz махсус рекрутинг веб-портали орқали очиқ меҳнат бозорида ногиронлиги бўлган шахсларни муносиб иш билан таъминлаш" Шароит Плюс" ташкилотининг пилот лойиҳаси доирасида ва ЮНИСЕФ, БМТТД ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган БМТнинг Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни яхшилаш бўйича қўшма дастурининг грант кўмагида ўтказилмоқда.

Иштирок этиш бепул — хоҳловчилар forum.ishplus.uz.сайтида олдиндан рўйхатдан ўтиб, онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин. Тадбир YouTube`да жонли эфирга узатилиши режалаштирилган.

Қўшимча маълумотларни info@ishplus.uz электрон манзилига ёзиш ёки + 998−90−818−07−08 телефон рақами орқали олиш мумкин.