Польша Ўзбекистонга 250 минг доза COVID-19 вакцинасини етказиб беради

Польша «сиёсий алоқалар ва инсонпарварлик заруратлари нуқтаи назаридан» Ўзбекистонга 250 минг доза COVID-19 вакцинасини етказиб беради.

Сурхондарёда сув қувурини ётқизиш бошланди. Бош пудратчи — To’palang HPD Platinum

Сурхондарёда Тўпаланг сув омборидан 361 километрлик магистрал сув қувурини ётқизиш ишлари бошланди. 138 млн долларлик лойиҳа To’palang HPD Platinum томонидан амалга оширилмоқда. Компания «Ўзбекгидроэнерго» раҳбарининг ўғлига тегишли бўлган To’palang HPD Holding таркибига киради.

Ўзбекистон давлат қарзлари 24 млрд доллардан ошди

Давлат қарзи иккинчи чоракда 1 млрд долларга ошди. 1 июль ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи жами 24,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,5 фоизни ташкил этган. Шунингдек, биринчи ярим йилликда давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари 1 млрд доллардан ошган.

Белгиланган муддатда солиқ ҳисоботини тақдим этмаганлик учун жарима бекор қилинади

2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар, шунингдек камерал солиқ текширув асосида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар бекор қилинади. Хоразмда солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботларини шакллантириш бўйича эксперимент ўтказиш режалаштирилган. Шундан сўнг янги тартиб бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади.

Экспортёр корхоналарга $5 млнгача молиявий ресурслар тақдим этилади

1 октябрдан бошлаб экспорт ҳажми $20 млндан ошган корхоналарга экспорт савдо операциялари учун $5 млнгача бўлган бир марталик молиявий ресурслар тақдим этилади. 12 ой давомида 1 млн АҚШ долларидан кўп тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналар божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга кечиктириши мумкин.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони 2,5 млн нафардан ошди

7 сентябрь куни Ўзбекистонда 338 минг 971 доза коронавирусга қарши вакцина қўлланилди. Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 2 млн 547 минг 450 нафарни ёки Ўзбекистон аҳолисининг 7,28 фоизини ташкил қилмоқда.

Баҳром Абдухалимов «Адолат» партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди

«Адолат» Баҳром Абдуҳалимовни президентлик сайловлари учун номзод сифатида тасдиқлади. Абдуҳалимовнинг «Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони» шиори остидаги сайловолди дастуридан коррупция ва ҳар қандай кўринишдаги «самосуд» учун қатъий жазо белгилаш, Тергов қўмитасини ташкил этиш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликларини ягона — Таълим вазирлигига айлантириш, «Жамиятда юриш-туриш, одоб-аҳлоқ қоидалари» кодексини яратиш кабилар ўрин олган.

Пахта терими учун минимал тарифлар эълон қилинди

Қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Терим отрядлари раҳбарларига мавсум якунига қадар 2 млн сўмдан меҳнат ҳақи берилади.

«Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлайди» — ТИВ

Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлайди, дея маълум қилди Ташқи ишлар вазирлиги. Вазирлик янги давлат идоралари билан «конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини» билдирди.

Автомобиль ишлаб чиқарувчиларига жами 2,57 трлн сўмлик имтиёзлар берилган

UzAuto Motors, «Жиззах автомобиль заводи», ADM Jizzakh, Roodell ва бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар 2021 йилнинг биринчи ярмида жами 2,57 трлн сўмлик (240,9 млн доллар) божхона божлари, ҚҚС ва акциз солиқларини тўлашдан озод қилинган. UzAuto Motors автомобиллари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар ҳам миллиардлаб сўмлик имтиёзлардан фойдаланган.

500 МВт қувватли учта қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича тендер эълон қилинди

Энергетика вазирлиги Наманган, Бухоро ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВтга тенг бўладиган учта фотоэлектростанциялар қуриш бўйича тендерни эълон қилди.

«Дебатлар қизиқ бўлади» — президентликка номзод Баҳром Абдухалимов дебатлар бўлишига ишонишини айтди

Президентлик сайловларида «Адолат» партиясидан номзод Баҳром Абдухалимов сайловолди жараёнларда дебатлар албатта ўтказилишини маълум қилди. У ўз рақиблари «етарли компетенцияга эга эканликларини» ва улар билан ўтказиладиган дебатлар «шубҳасиз қизиқ бўлишини» таъкидлади.

«Мақоламизда ёзган фактлардан ортга қайтмаймиз». «Адолат» номзоди «Миллий тикланиш» билан низо ҳақида

«Адолат» партиясидан президентликка номзод Миллий тикланиш партияси билан можароларга изоҳ берди. Баҳром Абдухалимов партия «мақоласида ёзган фактлардан орқага қайтмаслигини» айтиб, Алишер Қодировни кўчирмакашликда айблаётганини яна бир бор тасдиқлади. Қолаверса, у партия бу тўғрисидаги хабарни тарқатиш учун блогерларга пул тўлаганини инкор этди. «Дебатни Алишер Қодиров билан ҳам кутиш мумкин», — деди Баҳром Абдухалимов.

«Qatar Airways» Ўзбекистонга авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олди

Қатар авиакомпанияси Ўзбекистонга авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олди. Мвзкур ҳаво қатновини «Qatar Airways» авиакомпаниясининг беш турдаги самолётлари амалга оширади.

Букмекерлик фаолиятини қонуний тартибга солиш таклиф қилинди

ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида букмекерлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш масаласи муҳокама қилинди. Бир қатор қонунларга букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи нормалар киритиш таклиф этилди.

Жиззах вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Нодир Нурматов Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Ислом Каримовнинг содиқ шогирди ва сиёсий фарзанди». Шавкат Мирзиёевга президентлик юклатилган мажлисдан 5 йил ўтди

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон парламенти палаталарининг қўшма мажлисида мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президенти вазифа ва ваколатлари вақтинча юклатилди. Мажлисда ўша вақтдаги Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлик лавозимларида етарли тажрибага эга эмаслиги сабабли президентликни бажаришни унга юкламасликларини сўраган эди. Собиқ молия вазири эса Шавкат Мирзиёевни Ислом Каримовнинг «содиқ шогирди ва сиёсий фарзанди» дея таърифлаган эди.

Йўл қоидаларини бузганлик учун жарималарни кузатиш ва тўлаш бўйича қўлланма

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни кузатиш, уларни 30% чегирма билан тўлаш ва керак бўлганда шикоят билдириш тўғрисида «Газета.uz» қўлланмасида.