Қўлда терилган ҳар килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги йиғилиш баёнида айтилмоқда, дея хабар берди Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси ахборот хизмати.

«Жорий йилда етиштирилган пахта хомашёсининг нест-нобуд қилмасдан, уюшқоқлик билан қўл меҳнати ва терим машиналари ёрдамида териб олиш чоралари кўрилади. Пахта-тўқимачилик кластерлари, пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликлар ҳосилни қисқа фурсатда йиғиштириб олиш мақсадида белгиланган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари тавсия этилади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жалб этилган ишсиз фуқаролардан иборат терим отрядлари раҳбарларига мавсум якунига қадар 2 млн сўмдан меҳнат ҳақи берилади.

Шунингдек, терим ишларига 18 ёшга тўлмаган фуқаролар, олий ўқув юртлари талабалари, бюджет ва нобюджет ёки хўжалик ҳисобидаги ташкилот ходимлари ва ҳарбийларни терим тадбирлари, умуман ҳар қандай мажбурий меҳнатга жалб этиш қатъиян ман этилади.