Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига Нодир Нурматов тайинланди. Бу ҳақда вилоят ахборот хизмати хабар берди.

Нодир Нурматов 1979 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Маълумоти — олий. 2002 йилда АҚШ давлатидаги Нью-Йорк университетининг юридик мактаби, 2005 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавр ва 2007 йилда ушбу университетнинг магистратура босқичини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар инвестициялар ва савдо вазирлигида олиб борган. Жумладан, 2016−2021 йилларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Аввалроқ, 2018 йилдан бери мазкур лавозимда ишлаб келган Азим Ахмедхаджаев Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди.