8 сентябрь куни «Адолат» партиясининг навбатдаги қурултойида партиянинг президентликка номзоди Баҳром Абдухалимов сайловолди жараёнлар пайтида дебатлар ўтказилишини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Баҳром Абдухалимовнинг сўзларига кўра, дебатлар демократик сайловларнинг асосий элементи, шунинг учун охирги сайловлар ҳам дебатларнинг зарурлигини кўрсатган.

«Умуман олганда Ўзбекистон дебатлар ўтказиш бўйича аста-секин ривожланмоқда. 2019 йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловлар (парламент сайловлари — таҳр.) „Янги Ўзбекистон — янги сайловлар“ шиори остида ўтказилган эди. Янги сайловлар, янги кодекс (Сайлов кодекси — таҳр.) дебатлар ўтказилишини назарда тутади. Дебатлар албатта бўлади, бизни бунга ишончимиз комил», — деди у.

Баҳром Абдухалимовнинг таъкидлашича, президентликка бошқа тўрт номзоднинг барчаси «жуда яхши ва етарли компетенцияга эга етакчилар» ҳисобланади.

«Улар ўз йўналишларидан ташқари сиёсий ишларда ҳам тажрибага эга инсонлар. Шунинг учун улар билан дебатлар қизиқ бўлади, мени бундан шубҳам йўқ. Шу сабабли, ким яхши, ким камроқ компетенцияга эга эканлигини ажратиб кўрсатиш жуда қийин бўлади. Шундан келиб чиқиб, ушбу саволга жавобни ўша дебатларга келиб топа оласиз», — дея қўшимча қилди у.