«Адолат» СДП 2021 йилги президентлик сайловларига партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимовни номзод сифатида расман тасдиқлади. Бу 8 сентябрь куни бўлиб ўтган партиянинг X Қурултойида маълум қилинди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони деб номланган сайловолди дастуримизни тақдим этмоқдамиз. У 11 та бўлимдан иборат бўлиб, 60 га яқин таклифларни ўз ичига олган… Адолатли жамият ва адолатли давлат қуришни ўзимизнинг бош мақсадимиз деб биламиз. Биз шахс дахлсизлиги, шахсий дахлсизлик, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини, эркин сўзлаш ва фикр билдириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, журналист ва блогерларни ҳимоя қилишда аниқ чораларни кўрамиз», — деди Баҳром Абдухалимов

Номзоднинг сайловолди дастуридан шунингдек, коррупция ва ҳар қандай кўринишдаги «самосуд» учун қатъий жазо белгилаш, Тергов қўмитасини ташкил этиш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва рейтинги юқори бўлган талабаларни бепул таълим олишини таъминлаш, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликларини ягона — Таълим вазирлигига айлантириш кабилар ўрин олган.

Шунингдек, дастурда олимларни, ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича «Миллий дастур яратиш, дори-дармон спекуляциясига чек қўйиш, тарихий қадриятларга асосланган «Жамиятда юриш-туриш, одоб-аҳлоқ қоидалари» кодексини яратиш, ҳар бир инсонни ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар билан таъминлаш, уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш, боғчаларга ҳозиргидек уч ёшдан эмас, икки ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз юз фоиз қамраб олиш режалари ҳам акс этган.

Баҳром Абдухалимов 1959 йил 27 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 1981 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. ФА Шарқшунослик институтида кичик, ўрта, катта илмий ходими, бўлим мудири, олим, фан бўйича директор ўринбосари ва директори лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган. 60 дан зиёд илмий асарлар, шу жумладан, 2 та монография муаллифи. Битта докторлик, учта фан номзодларини тайёрлаган.

2020 йилга қадар Фанлар академияси вице-президенти бўлган.