Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мамлакатнинг учта ҳудудида умумий қуввати 500 МВт бўладиган учта қуёш фотоэлектр станциясини (ҚФEС) қуриш бўйича тендер жараёнларининг бошланганини эълон қилди. Лойиҳа Халқаро молия корпорацияси (IFC, Жаҳон банки тузилмасига киради) кўмаги билан амалга оширилмоқда.

Лойиҳада Наманган (150 МВт), Бухоро (250 МВт) ва Хоразм (100 МВт) вилоятларида умумий қуввати 500 МВт гача бўлган учта қуёш фотоэлектр станциясини қуриш назарда тутилган.

Тендерда ғолиб бўлган инвестор қуёш фотоэлектр станциясини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, 25 йил давомида ишлатиши ва техник хизмат кўрсатиши кутилмоқда. Бухоро вилоятидаги ҚФEС лойиҳаси учун электр энергиясини сақлаш батареяларини қуриш ва ишлатиш учун нархлар сўрови ҳам ўтказилади. Аризалар 29 ноябрга қадар қабул қилинади.

2018 йилнинг май ойида Ўзбекистон мамлакатда қуёш электрстанцияларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишга хусусий инвесторларни жалб қилиш учун IFC билан маслаҳат хизматлари учун 1 млрд долларлик шартнома имзолаган эди.

Ушбу келишув доирасида дастлабки лойиҳа Навоий шаҳрида қурилган 100 МВт қувватга эга гелиостанция бўлди. Ушбу станция август ойининг охирида БААнинг Masdar компанияси томонидан ишга туширилди. Давлат-хусусий шериклиги (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳанинг қиймати 110 млн долларга тенг, станция йилига 252 миллион кВт/с энергия ишлаб чиқаради.

Шунингдек, Masdar Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 МВт ва қиймати 1 млрд доллар бўладиган гелиостанцияларни қуриш бўйича тендерларда ҳам ғолиб бўлган эди. Ушбу объектлар 2023 йил кузига келиб қуриб битказилиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2030 йилга келиб қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қувватини 5 ГВтгача оширишни мақсад қилган.