Польша Ўзбекистонга 250 минг доза COVID-19 вакцинасини етказиб беради. Бу ҳақида «Dziennik gazeta prawna» газетаси берган маълумотга таяниб polandin.com хабар қилди.

Августда Польша ҳарбий ҳаво кемалари поляк хизматчиларни Афғонистондан эвакуация қилиши жараёнида Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган эди.

Навоийдаги Ўзбекистон ҳаво ҳудуди эвакуация жараёнлари учун транзит нуқтаси вазифасини ўтаган. Ҳарбий ҳаво кемалари Кобул-Навоий йўналишида учиши, у ердан Варшавага фуқаролик самолётлари парвоз қилиши режалаштирилган эди.

Польша президенти Анджей Дуда ва президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро мулоқотидан сўнг Польша ҳарбий ҳаво кемаларига Ўзбекистон ҳаво ҳудудида учишга рухсат берилди.

Инсонпарварлик ёрдами сифатида етказиб берилиши кутилаётган 250 минг доза вакцина Ўзбекистонга Польша фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишдаги ҳамкорлиги учун миннатдорчилик рамзидир.

«Биз шу кунгача кўплаб мамлакатларга ёрдам бердик. Украинага, Вьетнамга, Австралияга вакциналар етказиб бердик. Баъзилари сотилди, баъзилари хайрия қилинди. Сиёсий алоқалар ва инсонпарварлик заруратлари нуқтаи назаридан Ўзбекистонга ҳам вакцина етказиб беришга қарор қилдик», деган Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Рафав Пжидач DGPга берган интервьюсида.

Хабарда айнан қайси вакцина етказиб берилиши ҳақида маълумот берилмаган.