Президент Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни «Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини имзолади. Ҳужжатда қайд этилишича, у солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштиришга қаратилган.

Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади. Худди шу санадан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди.

2022 йил январь — июль ойларида эксперимент тариқасида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботлари солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқилади ва шакллантириб берилади.

Эксперимент доирасида солиқ органлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини — Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида, қўшилган қиймат солиғи эса акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни — электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаради ва солиқ ҳисоботини шакллантиради.

Солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчилар учун белгиланган тегишли солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан камида 10 кун олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.

Солиқ тўловчи солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботини олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни тасдиқлайди ёки, агар эътирозлари мавжуд бўлса, уни рад этган ҳолда, солиқ ҳисоботини қайта ишлайди ва ўрнатилган тартибда солиқ органларига тақдим этади.

2022 йил 1 августга қадар эксперимент натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда уни республиканинг барча ҳудудларидаги солиқ тўловчиларга татбиқ этиш ҳамда солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботи шакллантириладиган солиқлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифлар киртитилиши керак.

Давлат солиқ қўмитасига солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаш учун зарур бўлган солиқ солиш объекти ёки солиқ солиш билан боғлиқ бошқа объектларни электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш имкониятларини яратиш вазифаси юклатилди.

Фармон билан шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида, шунингдек, солиқ солиш объекти ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ бошқа объектлар бўйича маълумот тақдим этиш талабларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент август ойи охирида тадбиркорлар билан учрашувда «бизнесга солиқ юкини иложи борича камайтириш» мақсадида солиқ соҳасида бир қатор ўзгаришлар ҳақида эълон қилган эди.