7 сентябрда Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб 338 971 доза COVID-19га қарши вакцина қўлланилди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар берди. Улардан:

  • 1-босқич эмланганлар 48 510 нафарни,
  • 2-босқич эмланганлар 233 296 нафарни,
  • 3-босқич эмланганлар 57 165 нафарни ташкил қилди.

Айни кунгача мамлакатда жами 15 млн 697 минг 086 доза вакцинадан фойдаланилди. Улардан:

  • 1-босқич эмланганлар 9 млн 739 минг 950 нафарни,
  • 2-босқичда эмланганлар 4 млн 442 минг 309 нафарни,
  • 3-босқич эмланганлар 1 млн 514 минг 827 нафарни ташкил қилди.

Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 2 млн 547 минг 450 нафарни ёки Ўзбекистон аҳолисининг 7,28 фоизини ташкил қилмоқда (Давлат статистика қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг сони 35 млн 001 минг 896 нафар). Бу кўрсаткич эмлаш режалаштирилган 21 млн 455 минг 214 кишининг 11,87 фоизини ташкил этади.

Жами эмланганларнинг юқори кўрсаткичи Фарғона (1 млн 800 минг 718 доза), Наманган (1 млн 754 минг 773 доза) ва Андижон (1 млн 680 минг 061 доза) вилоятларида қайд этилди.

Маълумот учун, 5 сентябрга қадар Исроилда 59,09%, АҚШда 52,80%, Туркияда 45,23%, Буюк Британияда 63,62%, Россияда 26,28%, Қозоғистонда 29,74 аҳоли коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов 2021 йилнинг июнгача мамлакат аҳолисининг 60 фоизигачасини эмлаш режалаштираётганини маълум қилган эди.

Аввалроқ, 1 ноябргача Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 6 сентябрь куни Ўзбекистонга яна 3 млн доза хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинди.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг вакцина захираси 22 млн 446 минг 540 дозага етмоқда. Улардан 18 млни — ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси, 986 минг 480 дозаси — AstraZeneca (Covieshield, COVAX дастури асосида бепул етказиб берилган), 460 мингтаси — Россиянинг «Спутник V» ва 3 млн 60 дозаси Moderna вакцинаси ҳисобланади.