Сурхондарё вилоятида Тўпаланг сув омборидан магистрал сув қувурини ётқизиш йўли билан аҳолини тоза ичимлик суви билан таьминлайдиган йирик лойиҳа бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 44,6 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. 218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган.

Августда президентга «Ўзбекгидроэнерго» компанияси бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов томонидан тақдимоти ўтказилган лойиҳага кўра, «Тўпаланг» сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади. У ердан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Объект қуввати кунига 200 минг куб метр сувни ташкил этади.

Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1,7 млн аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Президент инновацион деб атаган лойиҳанинг умумий қиймати 138 млн долларга баҳоланиб, уни 2023 йилда (дастлаб 2024 йилда дейилган эди) ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Сариосиё туманида лойиҳани ишга тушириш маросимида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, вилоят ҳокими Тўра Боболов, «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари, сенатор Абдуғани Сангинов, алоқадор вазирлик ва идоралар, вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, соҳамутахассислари қатнашди.

Лойиҳанинг бош буюртмачиси — «Ўзсувтаъминот», бош лойиҳачиси — «Гидролойиҳа», бош пудратчиси — To’palang HPD Platinum. «Газета.uz» лойиҳа қурилиши бўйича тендер ўтказилгани, ҳукумат ёки президент ҳужжатлари ҳақидаги маълумотларни топа олмади. Давлат харидлари порталида ҳам «Ўзсувтаъминот»нинг лойиҳага тааллуқли буюртмалари мавжуд эмас.

To’palang HPD Platinum компанияси To’palang HPD Holding таркибига киради. «Газета.uz» аввалроқ холдинг президентнинг 2003 йил 24 январдаги фармонига мувофиқ «Тўпаланг сув омбори ва ГЭС қурилиш»нинг «ТўпалангсувГЭСқурилиш» МЧЖ этиб қайта ташкил этилиши ва 2017 йил декабрида яна қайта ташкил этилиши («ТўпалангГЭСқурилишнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади) натижасида шакллантирилгани ҳақида ёзган эди. Асосий фаолият турлари ГЭС, сув хўжалиги иншоотлари, тўғонлар, гидроузеллар қуриш, канал ва дренажлар қазиш ва бошқалардан иборат.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, To’palang HPD Holding директори ва таъсисчиси (61,7%) Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов — «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари Абдуғани Сангиновнинг ўғли ҳисобланади. Бошқа таъсисчилар орасида Наимжон Жумаев (10,5%), Каримжан Рўзиев (7,1%), Саидумар Холов (4,2%) ва яна 22 нафар жисмоний шахслар (16,5%) мавжуд.

Ислом Абдураҳманов тақсимлаш муҳандислик иншоотлари қурилиши билан шуғулланувчи Zafis-Avto Plus (100%) ва Varis Business Complex (70%, овқатланиш ташкилотларининг бошқа турлари) компанияларида улушларга эгалик қилади.

Абдуғани Сангинов. Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

Аввалроқ уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятов лойиҳалаш ишларига туркиялик мутахассислар жалб қилиниши ҳақида маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа бир неча қисмларга ажратилади ва сувни етказиб бериш туманларга сув қувурлари ётқизилиши билан бошланади.