2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчиларига 2,57 трлн сўмлик (Марказий банкнинг 7 сентябрдаги курси бўйича 240,9 млн доллар) божхона имтиёзлари ва преференциялари тақдим этилган. Бу маълумотлар Давлат божхона қўмитаси рўйхатида («Газета.uz»да мавжуд) акс этган.

Гап Ўзбекистон президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан тақдим этилган божхона имтиёзлари ва преференциялари ҳақида кетмоқда.

Аввалроқ UzAuto Motors компанияси 2021 йилнинг олти ойида 1,9 трлн сўмлик (177,6 млн доллар) божхона имтиёзлари ва преференцияларини олгани ҳақида ёзган эдик. Бунда божхона божи бўйича 1,64 трлн сўм, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) — 255,6 млрд сўм, акциз солиғи — 356,7 млн сўмни ташкил этади.

«Жиззах автомобиль заводи»

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Олти ой давомида «Жиззах автомобиль заводи» («Jizzax Avtomobil Zavodi» МЧЖ) 322,9 млрд сўм (Марказий банкнинг 8 сентябрдаги курси бўйича қарийб 30,2 млн доллар), жумладан, божхона тўловлари — 281,1 млрд сўм, ҚҚС бўйича — 41,9 млрд сўмлик имтиёзларга эга бўлди.

Биринчи чоракда «Жиззах автомобиль заводи» 63,8 млрд сўмлик имтиёзлардан фойдаланди: божхона тўловлари — 55,7 млрд сўм, ҚҚС — 8,1 млрд сўм.

Иккинчи чоракда имтиёзлар ҳажми 4 баробар ошди — 259,2 млрд сўмгача: божхона тўловлари — 225,4 млрд сўм, ҚҚС — 33,8 млрд сўм.

Дастлаб, автомобиль заводи негизида Uzbekistan Peugeot Citroёn лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган эди, лекин якунда у бекор қилинди, ишлаб чиқариш майдонида Volkswagen ва Škoda автомобиллари ишлаб чиқарила бошланди.

Лойиҳавий қуввати йилига 20 минг автомобиль, инвестициялар ҳажми 1,44 трлн сўм. 500 иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Ўтган йилнинг июль ойи охирида Ўзбекистонда очилган биринчи Volkswagen дилерлик дўконида Caddy енгил тижорат автомобилини сотиш бошланди.

Заводга тижорат автомобиль ишлаб чиқариш корхоналарини бошқариш учун «Ўзавтосаноат» компанияси томонидан ташкил этилган Uzauto Commercial Vehicles Management бошқарув компанияси эгалик қилади.

Roodell ва ADM Jizzakh

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Roodell компанияси дастлаб «АвтоВАЗ» (Vesta и XRay, Lada) расмий импортчиси ва Kia`нинг Ўзбекистондаги дистрибьютери эди.

2020 йилнинг сентябрида компания «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги ADM Jizzakh заводида Kia, сўнгра — Lada ва Renault автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишини эълон қилди.

Компания Kia ишлаб чиқаришни бошлаган. Биринчи босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 25 минг дона автомобилни ташкил этади. Иккинчи босқичда, 2022 йилнинг охирига қадар эса қувват 100 мингтага етади, дея маълум қилди компания вакили.

Roodell 2020 йилнинг октябрида «Газета.uz»га берган интервьюсида биринчи босқичда завод 195 операцияни бажарадиган йирик узелли йиғиш усули бўйича автомобилларни йиғишини айтган эди. Иккинчи босқичда, 2022 йил охирига қадар пайвандлаш, корпус бўяш устахоналари ва СKD-йиғишни ўз ичига олган линияларни ишга тушириш режалаштирилган.

ДБҚ маълумотларига кўра, Roodell 2021 йилнинг январь-июнь ойларида жами 140,5 млрд сўмлик (13,1 млн доллар), жумладан божлардан — 122,3 млрд сўм, ҚҚСдан — 18,3 млрд сўмлик божхона имтиёзларини қўлга киритган.

Биринчи чоракда компания 81,5 миллиард сўм (божлар — 70,9 миллиард, ҚҚС — 10,6 миллиард), иккинчисида — 59 миллиард сўм (божлар — 51,3 миллиард, ҚҚС — 7,7 миллиард) тўлашдан озод қилинган.

ADM Jizzakh заводи ҳам 48,6 млрд сўм (4,5 млн доллар) миқдорида имтиёзлар олди: божлар — 48 млрд сўм, ҚҚС — 572,5 млн сўм. Енгилликнинг асосий қисми иккинчи чоракка (46,5 млрд сўм) тўғри келди.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, 2020 йил январь ойида рўйхатдан ўтган ADM Jizzakh автомобиль заводининг ягона асосчиси Roodell (2012 йил май ойида рўйхатдан ўтган, у автомобиллар ва енгил транспорт воситаларининг чакана савдоси билан шуғулланади). Ўз навбатида, Roodell актсиялари Мирбаҳром Асроров (33,4%), Дониёр Давлетияров (33,3%) ва Мурод-Мирзо Шариповга (33,3%) тегишли.

SamAuto

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

«Samarqand Avtomobil Zavodi» (SamAuto) қўшма корхонаси биринчи ярим йилликда 80,7 млрд сўм (7,5 миллион доллар) миқдорида имтиёз олган, шу жумладан божхона тўловлари — 68,6 млрд сўм, ҚҚС — 12,1 млрд сўм.

Биринчи чоракда компания 29,7 млрд сўмни (божлар — 25,8 млрд сўм, ҚҚС — 3,9 млрд сўм), иккинчисида — 50,9 млрд сўмни (божлар — 42,7 млрд сўм, ҚҚС — 8, 2 млрд сўм) тежаб қолди.

«Самарқанд автомобиль заводи» 1999 йил март ойида очилган. Компания тижорат автомобиллари: автобуслар, юк машиналари ва махсус транспорт воситаларини ишлаб чиқаради. 2019 йил ноябрь ойида завод Isuzu D-Max пикапларини ишлаб чиқаришни бошлади.

«Ўзавтосаноат», «Асака» банки, Япониянинг Itochu Corporation ва Isuzu Morots компаниялари завод таъсисчилари ҳисобланади.

UzAuto Trailer

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

2012 йилда UzAuto Trailer тиркама техникалари, самосвал кузовлари, контейнер ташувчилар, 2018 йил март ойидан эса юк машиналари ва бошқа КАМАЗ техникаларини ишлаб чиқаришни бошлади.

ДБҚ маълумотларига кўра, компанияга олти ой мобайнида 57,7 млрд сўмлик имтиёзлар берилган: божлар — 50,2 млрд сўм, ҚҚС — 7,5 млрд сўм.

Биринчи чоракда компания 13 млрд сўм, иккинчи чоракда 44,7 млрд сўмни тежаб қолган.

Uz Truck and Bus Motors

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

2012 йилда Самарқанд вилояти Жомбой туманида JV MAN Auto-Uzbekistan оғир юк машиналари ишлаб чиқариш бўйича йиғиш заводи очилди. Завод кейинчалик MAN автобусларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

2019 йилда «Ўзавтосаноат» (34,2% улуш), Хитойнинг Sinotruk International Investment Limited (32,9%) ва Германиянинг MAN Truck & Bus SE (32,9%) компаниялари JV MAN Auto-Uzbekistan ҚК негизида UZ Truck and Bus Motors қўшма корхонасини тузиш тўғрисида битим имзоладилар.

Sinotruk MAN Auto-Uzbekistan ҚК устав капиталига 12,1 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни киритиб, корхона таъсисчиларидан бирига айланди.

ДБҚ маълумотларига кўра, UZ Truck and Bus Motors биринчи ярим йилликда 25,8 млрд сўмлик ($2,4 млн) имтиёзлар олган: божлар — 22,7 млрд сўм, ҚҚС — 3,1 млрд сўм.

Биринчи чоракда компания 11 млрд сўм (божлар — 9,9 млрд, ҚҚС — 1,1 млрд сўм), иккинчисида — 14,8 млрд сўм (божлар — 12,9 млрд , ҚҚС — 1,9 млрд сўм) тўлашдан озод қилинган.

Юқорида айтиб ўтилган автомобиль ишлаб чиқарувчилар учун умумий имтиёзлар миқдори 2,57 трлн сўмдан ошган. Таққослаш учун, бу шу вақт ичида Сирдарё вилояти ялпи ҳудудий маҳсулотининг (6,67 трлн) 38,6 фоизига тенг демакдир.

Соҳадаги бошқа компаниялар

2021 йил январь-июнь ойларида «Ўзавтосаноат» таркибидаги бошқа компанияларга ҳам имтиёзлар берилган. Масалан:

Двигателлар ишлаб чиқарувчи Uzauto Motors Powertrain 24,4 млрд сўмлик имтиёзларга эга бўлган: божлар — 20,8 млрд сўм, ҚҚС — 3,5 млрд сўм, акциз — 80,3 млн сўм.

UzAuto Motors автомобиллари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи «Уз -Тонг Хонг Ко» ҚК 28 млрд сўм тўлашдан озод қилинган: божлар — 24,5 млрд сўм, ҚҚС — 3,5 миллиард сўм.