Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан кейин 2016 йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон парламенти палаталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири ҳисобланган Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президенти вазифа ва ваколатларини вақтинча юклатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган. Daryo нашри «Ўзбекистон» телеканали ушбу мажлис ҳақида тайёрлаган репортажни тўлиқ матнлаштирди. Ушбу мажлисдан қисқа иқтибосларни келтирамиз.

Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов олиб борган. Мажлис бошида қатнашчилар Ислом Каримовнинг хотираси учун сукут сақлашганди.

Видеолавҳа: «Ўзбекистон» телеканали.

Дастлаб Олий Мажлис Сенатининг ўша вақтдаги раиси Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиққан.

Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасига биноан Ўзбекистон президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раисининг зиммасига юклатилади. Аммо ушбу йиғилишда Ниғматилла Йўлдошев президентлик вазифасини ўз зиммасига ололмаслигини, бунга тажрибаси етмаслигини айтади.

«Мен меҳнат фаолиятим давомида асосан прокуратура ва адлия органларида ишлаганман, бироқ давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларидаги раҳбарлик лавозимларида етарли тажрибага эга эмасман. Бир ярим йил мобайнида Сенат раиси лавозимида орттирган тажрибам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига, жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир муҳим масалаларни ҳал этиш учун етарли эмас, деб ўйлайман. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифаларини вақтинча бажариб туриш қанчалик катта масъулият эканлигини тўлиқ ва чуқур англаган ҳолда, сизлардан бу вазифа ва ваколатларни бажаришни менга юкламасликларингизни илтимос қиламан», — деган эди у.

Видеолавҳа: «Ўзбекистон» телеканали.

Ниғматилла Йўлдошев президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришга ўша вақтдаги мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳар томонлама муносиб, деб ҳисоблашини таъкидлаб, мажлис иштирокчиларидан Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатларини Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлашларини сўрайди.

Шундан сўнг кун тартибидаги масала бўйича қатор амалдорлар, партиялар раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳамда ҳокимлар сўзга чиқишган ва Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватлашган.

Сўзга чиққанларнинг тўлиқ рўйхати (лавозимлар ўша даврдаги ҳолат бўйича — таҳр.):

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Сарвар Отамуротов;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши раиси Борий Алихонов;
  • Олий Мажлис Сенатининг қўмита раиси Содиқ Сафоев;
  • Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси — Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Муса Ерниязов;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Акмал Саидов;
  • Фанлар академияси президенти, Сенат аъзоси Шавкат Солиҳов;
  • Самарқанд вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Зоир Мирзаев;
  • «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев;
  • Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, Сенат аъзоси Агриппина Шин;
  • Тошкент вилояти Бўка тумани «Ёқутхон Саид» фермер хўжалиги раҳбари Саидислом Сайдуллаев;
  • Андижон вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов;
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўринбосари, Сенат аъзоси Иқбол Мирзо;
  • Тошкент шаҳар ҳокими, Сенат аъзоси Раҳмонбек Усмонов;
  • «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси — бош директори, Сенат аъзоси Александр Фармонов;
  • Бухоро вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Муҳиддин Эсонов;
  • Қашқадарё вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Зафар Рўзиев;
  • Навоий вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Эркинжон Турдимов;
  • «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири, Сенат аъзоси Гулистон Аннақиличева;
  • Сурхондарё вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Тожимурод Мамарайимов;
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари, Сенат аъзоси Энахон Сиддиқова;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуқодир Тошқулов;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Хўжаева;
  • Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари — молия вазири Рустам Азимов

Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов ўша мажлисдаги чиқишида ушбу қарорнинг ҳуқуқий асослар мавжудлигини таъкидлаган эди.

Видеолавҳа: «Ўзбекистон» телеканали.

«Сенат раиси президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча ўз зиммасига олмаслигини тақиқловчи бирор бир на конституциявий, на ҳуқуқий чеклов ёки норма йўқ. Бу — Сенат раисининг эркин касб танлаш ҳуқуқидир. Бу Асосий қонунимизнинг 37-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган», — деган эди у.

Ўша вақтларда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Зоир Мирзаев ҳам Сенат раиси ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Шавкат Мирзиёевнинг ишлаш тизимига тўхталган эди.

«…Шавкат Миромонович „Биз, ижро органи, кабинетда мебелга қоровуллик қиладиган мансабдор эмасмиз, биз халқнинг хизматкоримиз, пастга тушинглар, раҳбарлар“, деган нарсани айтади. Ва бу нарсани оддий сўз билан эмас, юракларидан чиқариб, пастдаги халқнинг аҳволини ҳақиқатда билган, кўзи билан кўрган, ўша билан яшаётган фидоий раҳбар сифатида бизга уқтирадилар», — деган эди Зоир Мирзаев.

Ўша вақтдаги молия вазири Рустам Азимов Шавкат Мирзиёевнинг кўп фазилатлари борлиги, уларнинг ичида биринчиси «Ватанни севиш фазилати» эканлигини таъкидлаганди.

Видеолавҳа: «Ўзбекистон» телеканали.

«Давлатнинг раҳбари ҳар бир масалани — бизга буни юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич ўргатганлар — тагига етиб, кейин аниқ қарор бериш жуда муҳим ва шу нуқтаи назардан Шавкат Миромоновични, мана, кўп одамлар сўзга чиқди, қишлоқ хўжалиги бўладими, фан бўладими, саноат бўладими, таълим тизими, тиббиёт тизими, ҳар бир соҳанинг ичига, тагига етиб, уни чуқур билиб, англаб ўзларининг ёндашувларини белгилаб, кейин қарор берадилар», — дейди у.

Шунингдек, Азимов Шавкат Мирзиёевнинг яна бир фазилати ишчанлик эканлигини айтади.

«Ҳукумат аъзоси сифатида айтишим мумкин, кечаси соат 2:00 да ҳам телефон қиладилар, топшириқлар бериб. Эрталаб биз ишга келганда, саволлар бўлади, „улаб беринглар“ деб сўраганимизда, „йўқ“ дейишади — эрталаб соат 6:00 дан селектор ўтказяптилар. Кечаси 2:00 да топшириқ, эрталаб соат 6:00 дан қишлоқ хўжалиги ёки бошқа масалалар бўйича селектор ўтказадилар. Бунақанги ишчанликни нафақат бизнинг давлатимизда, балки дунёда ҳам камдан-кам кўриш мумкин», — дейди Рустам Азимов.

Бундан ташқари, собиқ молия вазири ўша йиғилишда Шавкат Мирзиёевни Ислом Каримовнинг ҳақиқий шогирди ва сиёсий фарзанди деб атаган эди.

«Ҳар битта қарорларида Шавкат Миромонович биринчи галда оддий одамларнинг манфаатларини ўйлайдилар. Қоғозда эмас, чиройли шиорларда эмас, амалда. Айтмоқчиманки, Шавкат Миромонович юртбошимизнинг ҳақиқий, содиқ шогирди бўлганлар ва бўлиб қоляптилар. Шавкат Миромонович юртбошимизнинг сиёсий фарзанди деб айтсак, менимча, тўғри бўлади. Шавкат Миромонович юртбошимизнинг сиёсий меросхўри деб айтсак ҳам, тўғри бўлади», — деган эди у.

Шунингдек, мажлисда ўша вақтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳам сўзга чиқди.

Видеолавҳа: «Ўзбекистон» телеканали.

Мирзиёев Ислом Каримовнинг фаолиятига тўхталиб, «Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода — ҳеч қачон букилмаганлар, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди», деди.

Шавкат Мирзиёев тарихда биринчи марта бундай муҳим йиғилиш Ислом Каримовнинг иштирокисиз ўтказилганлигига ҳам эътибор қаратганди.

«Гўёки хаёлимизда у киши ҳозир залга кириб келадигандек бўлиб турибди. Ҳаммамизнинг хаёлимизда, мен ҳам ўтирганимда худди муҳтарам президентимиз бир нарсадан кечикиб, кириб келаётгандек бўлиб турибди. Ҳаммамизнинг хаёлимизда мана шу фикр десам, ўйлайманки, тўғри қабул қиласизлар», — деди у.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон конституцияси тайёрланиш жараёни ҳақида ҳам эслаб ўтган эди. Унинг ўзи ҳам Констититуцияни тайёрлаш гуруҳи аъзоси бўлганлигини айтди.

«Жуда катта курашлар, кўп-кўп ўйинлар бўлган. Агар қаттиқ туриб қилмаганларида, бугунги 25 йиллик, бундай тарих, бундай тизим, бундай интизом, бундай эътироф, дунё эътироф қилмас эди. Ҳозиргидек эсимда, СК (Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси) биносида ўз қўллари билан ёзиб, 24 варақни олиб келиб берсангиз, 26 варақ қилиб, ўз қўллари билан ёзиб келардилар. Бир марта эмас, икки марта эмас, ўн марталаб Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашиб, шуларга ишонтирган. У пайтда ўтирганларнинг 80 фоизи шу Конституцияга ишонмас эди, кечирасизлару, эртанги кунимизга ҳам ишонмас эди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатларини бош вазир Шавкат Мирзиёевга вақтинча юклаш масаласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўртасида ўтказилган овоз бериш натижаларида мажлисда қатнашган 147 депутатнинг барчаси ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган.

Видеолавҳа: «Ўзбекистон» телеканали.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги қўшма қарор қабул қилинди. Сўнгра Шавкат Мирзиёев яна сўзга чиқди.


Видеолавҳа: «Ўзбекистон» телеканали.

«Сизларни ишонтириб айтаманки, Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган барча ҳаётий тамойилларга оғишмасдан, қатъий амал қиламан. У кишининг раҳбар доимо одамларнинг, эл-юртнинг дарду ташвиши билан яшаши, уларнинг орзуниятларини рўёбга чиқариш учун ҳузур ҳаловатдан воз кечиб, ўзини аямасдан меҳнат қилиши керак, деган доно ўгитларини ўз фаолиятим учун асосий мезон ва талаб сифатида қабул қиламан», — деган эди у.