Президент Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни «Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 октябрдан йиллик экспорт ҳажми 20 млн АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун бир марталик молиявий ресурслар 5 млн АҚШ долларигача миқдорда, бир йилгача муддатга тақдим этилади.

Шунингдек, фармонга мувофиқ охирги 12 ой давомида 1 млн АҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга кечиктириш имконияти берилмоқда.

Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлланилиши 2021 йил 31 декабргача тўхтатилади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 октябрдан юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

Фармонга асосан, Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини компенсация қилиш тизимини бир йил муддатга жорий этилади.

Сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашёлар, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаб қилинмайдиган юқори сифат ва назорат тизимига эга давлатлар рўйхати ташкил этилади.

Ҳужжатда белгиланишича, тариқ (ТИФ ТН кодлари 1008 21 000 0, 1008 29 000 0), қуритилган дуккакли экинлардан олинган ун ва кукун (ТИФ ТН коди 1106 10 000 0), мева ва ёнғоқлардан олинган ун ва кукун (ТИФ ТН коди 1106 30 900 0) экспорти учун президент ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди.