8 сентябрь куни «Адолат» СДПнинг навбатдан ташқари қурултойининг якунида партия номзоди Баҳром Абдухалимов журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб берди.

Жумладан, «Газета.uz» мухбири «Адолат» ва «Миллий тикланиш» партиялари ўртасида бўлаётган можаро, жумладан, Тергов қўмитаси ғоясини олдинроқ ўзининг дастурида кўрсатиб ўтган «Миллий тикланиш»дан «Адолат» ўғирлаган бўлиб қолмайдими деган савол билан юзланди.

««Миллий тикланиш партияси биринчи чиқди ва биринчи эълон қилди» деган масала нотўғри. Бу учта масала ҳам Адолат СДПнинг 2019 йилги дастурида турибди. Биз мақоламизда ёзган фактлардан ортга қайтмаймиз, уни ёзаётган даврда ҳам текширдик, «Миллий тикланиш»нинг кечаги муносабатидан кейин ҳам текширдик. Ўрганиш натижалари шундан далолат берадики, бу масалалар Адолат партияси дастурида ўша вақтда ҳам қайд этиб ўтилган, лекин Миллий тикланиш партиясида бу шаклда бўлмаган. Шу нуқтаи назардан биз чиқарган мақоламизни тўғри деб ҳисоблаймиз. Ундан ташқари, агар шак-шубҳа бўладиган бўлса, эксперт гуруҳини тузамиз, биз журналистларни таклиф қилган ҳолатда ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини [аниқлашга]», — деди у.

Миллий тикланиш партияси аъзоси Лобар Алиева ижтимоий тармоқларда Адолат партияси Алишер Қодировни кўчирмакашликда айблаган хабарни тарқатиш учун блогерларга пул тўлаганлигини иддао қилмоқда. Адолат партияси етакчиси ушбу вазиятга ҳам изоҳ берди.

«Энди, бизни номимиз Адолат, ким [пул] тўлашидан қатъий назар биз тўламаймиз. Кимгадир ёки блогерларга пул тўлаб ишимизни юрғизадиган бўлсак, биз ўзимиз курашаётган коррупцияни ўзимиз бошлаб берган бўламиз. Бошқа партиялар бу масалада нима деб ўйлайди билмайман, лекин бизни аниқ позициямиз шундан иборат», — деди номзод.

Абдухалимов мухбирнинг ушбу воқеалар ортидан яқин орада Миллий тикланиш номзоди билан биринчилардан бўлиб дебат ўтказиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди. «Дебатни ҳамма билан кутиш мумкин, шу жумладан Алишер Қодиров билан ҳам», — деди партия етакчиси.

Шу куни бўлиб ўтган қурултойда Баҳром Абдухалимов «Адолат» партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди.

Аввалроқ, президентлик сайловларида «Адолат» партиясидан номзод Баҳром Абдухалимов сайловолди жараёнларда дебатлар албатта ўтказилишини маълум қилганди. У ўз рақиблари «етарли компетенцияга эга эканликларини» ва улар билан ўтказиладиган дебатлар «шубҳасиз қизиқ бўлишини» таъкидлади.