Президент Шавкат Мирзиёев 1 августга қадар, мавжуд кечикишни тўлиқ бартараф этган ҳолда, АСКУЭ тизимини 100 фоиз ишга туширилиши шарт эканлигини таъкидлади. Саноат тармоқлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўла қондириш учун, иккинчи чоракда жами 15,5 млрд киловатт электр ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди.
Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 2,5 млн сўм пенсия тайинлашга оид фармонни имзолади. Ушбу тартиб 10 майдан бошлаб амал қилади. Ҳозирга қадар уруш фахрийларининг пенсияси 800 минг сўмни ташкил этган эди.
Ногиронлиги бор шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда тўловлар учун чегирмалар берилади. Президент душанба кунги тақдимот вақтида айни шу бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган. Қолаверса, хизматлар сонини йил якунига қадар 157 тадан 200 тага етказиш вазифаси ҳам қўйилган. Бундан ташқари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти танқид остига олинган.
Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилди. У ЖКнинг иккита моддаси бўйича оқланди, бироқ туҳмат ва товламачилик моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд унга 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг адвокати эса апелляция шикоятини беришини маълум қилди.
Франция делегацияси Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва делегация раҳбари Франк Риестер ташқи ишлар вазирликлари ўртасида икки йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Хитой — Марказий Осиё» иккинчи вазирлар учрашувида қатнашиш учун Хитойга боради. Учрашув чоғида транспорт йўлаклари боғлиқлигига кўмаклашиш ва узлуксиз савдога кенг йўл очиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг шу ҳафтада иш графигидан ўрин олган маҳаллий тадбирлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Шавкат Мирзиёев ҳафта давомида иккита тақдимот ва бир видеоселекторни ўтказади. Қолаверса, президент Япония етакчиси ва минтақа мамлакатлари раҳбарлари билан мулоқот қилиши кутилмоқда.
Президент Хотира ва қадрлаш қадрлаш кунида Шон-шараф музейига ҳам ташриф буюриб, «бу ер халқ музейи бўлиши керак», дея таъкидлади. Ҳозир музейда 12,5 мингдан ортиқ экспонат мавжуд. «Бу уруш даҳшатини англаш, тарихдан сабоқ чиқариш учун муҳим. Музей бунда асос, тарих билан бугунги кун ўртасида кўприк бўлиши керак», — деди давлат раҳбари.
Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ҳокимлиги ташкил этилди. Туманда қўшимча штат бирликлари ажратилган ҳолда адлия бўлими, давлат хизматлари маркази ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ташкил этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюрди. Давлат раҳбари уруш қатнашчиларини табриклаб, Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган 2 млнга яқин ватандошларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, уруш қатнашчилари ҳақида тўлиқ маълумотлар акс этган электрон база яратилиши ҳам таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев жума куни Рустам Қосимовнинг вафоти муносабати билан унинг хонадонига бориб, оиласига ҳамдардлик билдирди. «Менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин», — деди у. Қосимов апрель ойининг бошидан бери бетоблиги туфайли даволанаётган бўлган, жума кунига келиб вафот этган.
Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбарлари МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Жума куни қуйи палата депутатлари Ҳисоб палатасига давлат божи тўламасдан судга мурожаат қилиш ваколатини беришга оид қонун лойиҳасини қабул қилишди. Унда шунингдек, текширувлар ўтказиш жараёнида ташкилотлар томонидан палатага керакли ҳужжатлар ва мутахассисларни ажратиш мажбурияти ҳам белгиланмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида янги жамғарма ташкил этилиб, 2021 йилда унга 50 млрд сўмгача миқдорда маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар эса хориждан жалб қилинадиган малакали тиббиёт ходимлари ҳамда маҳаллий иқтидорли мутахассисларга зарур шарт-шароитлар яратиш ва уларни моддий рағбатлантиришга сарфланади.
Россиянинг Томск шаҳрида Ўзбекистон фуқаросини калтаклаган миграция хизмати ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Қишлоқ туманларида бештадан чет тилларига ўқитиш нодавлат ўқув марказлари ташкил этилади. Бўш бино ажратиш, керакли жиҳозлар ва адабиётлар сотиб олишга 50 млн сўмгача бир марталик беғараз кўмак берилади. Бундан ташқари, БМТ ҳамкорлигида Дипломатия университетида Чет тилларини чуқур ўргатиш маркази ташкил этилиши кутилмоқда.
Чет тиллари бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган мактабларни рағбатлантириш учун президент соврини таъсис этилади. Унда туман ва шаҳар босқичи ғолиби 100 млн сўм, вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритган 250 млн сўм ва республикада энг яхши мактаб мақомига эришган муассаса 500 млн сўм билан тақдирланади.
Президент Шавкат Мирзиёев келгуси йилдан бошлаб давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билиш мажбурий бўлишини маълум қилди. Чет тилини яхши билган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгиланади. Шунингдек, давлат раҳбари нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, хорижий тилдаги янги телеканалларни ишга тушириш ва қизларни чет тилларини ўрганишга фаол жалб этиш бўйича топшириқлар берди.
Президент видеоселекторда бундан буён, хорижий тиллар ўқитувчиларининг ойлик маоши, уларнинг малакасига қараб белгиланишини маълум қилди. Қолаверса, 2021 йилдан чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилиши айтилди. «Кейинги 3 йил давомида мактаблардаги жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчилари халқаро сертификат олишлари зарур», — деди у.
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Миллий тикланиш» газетасида ЎзЛиДеП партия аъзолари ҳақидаги мақолани «бозорбоп чиқиш» деб атади. «Ҳаммани бирдек, бир қолипда фикрлашга ўргатиш ва айттириш собиқ иттифоқ мафкурасига хос иш ва бу „Миллий тикланиш“ партиясига ёққан кўринади», — деди депутат. Кушербаев партия муамолларни сунъий яратиш, низо чиқариш каби ҳаракатларни қилаётганга ўхшаётганлигини таъкидлади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг