Президентнинг «Қонун ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ijro.gov.uz тизими орқали президент ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими жорий қилинмоқда.

Фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги:

  • қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида ижро этилишининг Ijro.gov.uz тизимида назоратини олиб боради ва Ijro.gov.uz тизимини юритади;
  • тизимда назоратга олинадиган топшириқларни киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди, улар томонидан киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва топшириқларда белгиланган ижро муддатларини узайтириш ҳақидаги таклифлар асослилигини ўрганади;
  • қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати тўғрисидаги маълумотни ҳар ойда президент Администрацияси ва Ҳукуматга киритиб боради.

Тизимга зарур маълумотларни ўз вақтида киритмаслик ёки нотўғри маълумотларни киритиш, бу борада Адлия вазирлиги кўрсатмаларини ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслик интизомий, маъмурий ва бошқа жавобгарлик чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатлари ва топшириқлар масъул ижрочилар томонидан ўз вақтида ижро этилишининг Ijro.gov.uz тизимида назоратини олиб боради.

Ҳисоб палатаси тизимда масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади ҳамда уларни назоратдан ечади.

Президент Администрацияси қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Назорат ва ижро фақат Ijro.gov.uz тизимида амалга оширилади, бунда бошқа ҳар қандай назорат дастурлари, ҳисоботлари ва базаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.