Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг йиғилишида давлат раҳбари бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ҳақида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ғаниев кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди. У Бош вазир бўлган пайтимдан бери ёнимда юрибди. Уни энг катта буюк фазлати бор, у ҳалол одам, тоза одам, ҳаловати йўқ одам. У ўзини юз фоиз ишга бағишлаган. Фарғона халқини оғир синов кунларида нисбатан жуда катта иш қилди, ўзини кўрсатди, мен ундан розиман», — деди давлат раҳбари.

Президент бош вазир ўринбосарининг Фарғонадаги фаолиятини ҳам эслади: «Фарғонада қаттиққўллиги, билими билан вилоят ривожига катта ҳисса қўшди. Уни Фарғонадаги тажрибаси, ҳаллолигини инобатга олиб, мамлакатдаги энг оғир соҳа — қишлоқ хўжалиги соҳасига масъуллардан бири қилиб тайинладим. У талабчанлиги, қаттиққўллиги ва ҳаловати билан энг оғир соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар қилишига ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент, шунингдек, энг катта хатолардан бири раҳбарларни кечирмаслик эканига тўхталган. «. Бир марта хато қилган раҳбарга бошқа имкон бермаслик — бу хиёнат. Унинг ҳам режалари, орзу-мақсадлари бор, ҳар бир одам адашади», деган у.

Давлат раҳбари январь ойида Бухородаги сафарида Шуҳрат Ғаниевни танқид қилган эди.

«Қишлоқ хўжалигимиз ҳам қониқтирмайди. Ҳалигача собиқ иттифоқ услубида ишлаяпмиз. Мен 1993 йилда Европага борганимда кўрганман, тупроққа тушадиган ҳар бир томчи сув, ҳар грамм ўғитнинг аниқ ҳисоб-китоби бор. Биз қачон ҳосилдорликни, даромадни кўпайтирамиз?! Ғаниевни [бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев — таҳр.] ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Шуҳрат Ғаниев 2020 йилнинг сентябрь ойида бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Унгача у Фарғона вилояти ҳокими бўлган.