Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев ишдан бўшатилганлигини маълум қилди.

Олдинроқ у «Газета.uz»га 1 февраль куни бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигида ўтган қўмита коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида ўрта поғона раҳбарларининг 6 нафарини ўз лавозимларидан озод этиши масаласи қўйилганлиги ҳақида маълум қилган эди. Ушбу раҳбарлар орасида жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Бунёд Абдуллаев ҳам бўлган. Қатор раҳбарларга ҳайфсан эълон қилинган.

Ушбу қарор Абдуллаев учун кутилмаган бўлган, чунки, унинг сўзларига кўра, бундан икки кун олдин — 30 январь куни — Президент администрацияси вакиллари Экология қўмитасининг йиғилишида матбуот хизматининг ишига ижобий баҳо берган, лекин қолган ўрта поғонадаги ходимларнинг фаолияти танқид қилинган.

Коллегия йиғилишида «Вазирлар маҳкамаси котибияти мудири Шерзод Абидов Очилбой Раматовга рўйхат узатди. У рўйхатдан исмларни ўқишни бошлади — бошқарма ва бўлим бошлиқларини. Баъзиларига ҳайфсан берилди, баъзилари эса ишдан олиниши айтилди», дейди Абдуллаев.

«Менга сўз беришлари учун қўлимни кўтардим. Менга эътибор ҳам беришмади. Учрашув охиригача хонадан чиқдим… Кейинроқ менга кадрлар бўлимидан телефон қилиб, ариза ёзишимни сўрашди, ишларни бошқариш бошқармасида нарсаларни топширишимни сўрашди. Мен раиснинг буйруғига кўра ҳафтанинг охиригача дронларни бошқариш бўйича курсни тугатишим ва бошқа ходимларни бунга ўргатишим кераклигини айтдим. Мен улар ушбу буйруқни бекор қилишса, ариза ёзишимни айтдим», — дейди Бунёд Абдуллаев. Буйруқ бекор қилинмаган ва у 5 февралга қадар курсларга қатнаган.

Унинг айтишича, ишдан ҳайдалишига йиғилишдан икки-уч ҳафта олдин келган топшириқни бажаришдан бош тортганлиги сабаб бўлган. Ўшанда унга Очилбой Раматов «штаби»дан қўнғироқ бўлган ва бош вазирнинг биринчи ўринбосарининг имижини тарғиб қилиш мақсадида ОАВда тарқатиш учун ҳар жума куни тасдиқланган мавзу бўйича маълумот тақдим этиш сўралган.

«Мен буни белгиланган тартибда топшириқ туширилса қилишимизни айтдим», — дея таъкидлайди Бунёд Абдуллаев. Кейин, унинг сўзларига кўра, унга Вазирлар маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаментининг бош мутахассиси Баҳодир Шукуров қўнғироқ қилиб, келиб тушган топшириқни бажаришни сўраган. Матбуот котиби бу сафар ҳам бош тортиб, ёзма топшириқ беришни сўраган.

«Газета.uz»нинг бўлиб ўтган йиғилиш бўйича маълумотга эга ҳукуматдаги манбасининг хабар беришича, ўрта поғонадаги раҳбарларни алмаштириш масаласи қўмитанинг фаолиятида етарли бўлмаган кўрсаткичларга боғлиқ бўлган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Экология қўмитасининг раиси этиб илгари «Ўзпахтасаноат» компанияси раҳбари бўлган Алишер Мақсудов тайинланган эди, ўшанда қўмита олдида маълум вазифалар қўйилган, дейди манба.

Экология қўмитаси сайтида ва унинг ижтимоий тармоқлардаги каналларида бош вазирнинг биринчи ўринбосари иштирокидаги йиғилиш ҳақида ҳозирга қадар маълумот берилмаган. Бунёд Абдуллаевнинг баёнотига ҳам изоҳ берилганича йўқ.

Матбуот котибининг баёнотлари бўйича Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг расмий баёноти ҳам берилмади.