Президент Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгаши йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов фаолиятига тўхталди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Давлат раҳбари йиғилиш давомида ижро ҳокимиятидаги кадрлар масаласига тўхталиб, «Бизга маслаҳат берадиган эмас, аравани тортадиган ҳоким керак. Қоровуллик учун вазир бўлмайди», — дея таъкидлади.

Президент бош вазир Абдулла Арипов ҳақида ҳам фикр билдирди. «Унга бир пайтлар нисбатан адолатсизлик бўлган, туҳмат қилишган. Аммо шу пайтгача ёнимда олиб юрибман, ишончимни оқлаяпти. Шу боис ҳамма вазирлар шошилмасдан, баланд-парвоз гаплар айтмасдан, халқ ичида юриши ва ҳудудларнинг ўсиш нуқталарини аниқлаб, ривожланишда кўмаклашиши шарт».

«Самарқанд вилоятига ҳоким бўлганимда, бирорта вазир бормаган. Фақат Абдулла Ниғматович келиб, „Шавкат Миромонович, янги ҳоким бўлибсиз, менга топшириқ борми?“, деган. „Тошкентда ишласангиз ҳам, инсофингиз бор экан-ку“, деганман. Бошқа бирорта вазир бормаган. Ўшанда вазир лавозимида ишласа-да, вилоятдаги бир қанча муаммоларни ечишда ёрдам берган, уч кун ҳудудларда юрган. У пайтларда туманма-туман юриш мумкин эмас эди», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев 2020 йил январь ойида Абдулла Арипов бош вазир лавозимига тасдиқланганда, Абдулла Ариповннинг оғир туҳматларни бошдан кечирганини айтган эди.

«14 йил бош вазир бўлган одам ва уч марта ушбу лавозимга қайта тайинланган шахс сифатида бош вазирнинг юрагидан қандай ҳислар ўтаяпти, биламан. Абдулла Ниғматовични 20 йилдан буён биламан. Кўп йиллар ёнма-ён бирга ишлаганмиз. Ҳаётда кўп оғир туҳматларга қолган, лекин шуларни жасорат [билан енгиб], ҳеч қачон синган эмас. Мен шу лавозимга (муваққат президентлик — таҳр.) вақтинча бўлганимда ҳам бош вазир ўринбосари қилиб, Абдулла Ариповни адолат юзасидан қайтарганим, бежиз эмас», — деганди президент.