Президент раислигида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, президент Фарғонадан тушкун кайфиятда қайтганлигини айтди. «У маҳаллада („Шодиёна“) раҳбар йўқ, ҳоким йўқ. Маҳаллага кирасан, 80-йиллардагидай… Кўчаларга, уйларга қараб бўлмайди, 1 кв.м. ҳам ободонлаштирилмаган…», — дейди у.

«Миллий банкнинг Фарғона филиалида 80 дан ортиқ ходим ишлайди, ҳокимиятда 50дан кам. Лекин банк ходимлари икки баравар ойлик олади», — дея таъкидлайди давлат раҳбари.

«Бизда назорат қилиш тизими йўқ. Бош вазирга топшириқ. Ҳар ой давлат дастурини бажармаган раҳбарларни ишдан бўшатади. Одамлар бизнинг қоғозбозлигимиздан чарчади, „ура-ура“ лардан чарчади…», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бош вазир вазиятни таҳлил қилиб, кимни ишдан олиш кераклигини, қуйи поғонани қандай ишлашга мажбур қилиш кераклигини айтишини таъкидлади. «Биз Тошкент вилояти ҳокимини, спорт вазирини ишдан олдик. Бу ҳали бошланиши».

У раҳбарларнинг аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлаши лозимлигини қайд этди. «Нега Кудбиев (ДСҚ раҳбари), Бобожонов (ИИВ раҳбари) пастга тушмайди. Нега сизлар Худайбергеновга (президент маслаҳатчиси) ўхшаб қоғозда эмас амалда натижа кўрсатмайсизлар?», — деди президент.

«Раҳбарлар, масъул шахслар кўп, лекин одамлар муаммоларини ҳал қиладиганлар деярли йўқ», — деди Шавкат Мирзиёев.