Сенат раиси ўринбосари Низамходжаев Зайниддин Махаматович МСК раиси этиб сайланади. Буни «Газета.uz»нинг манбаси ҳам тасдиқлади. Комиссия мажлиси жума куни ўтказилиши режалаштирилган.

МСКнинг қарийб 16 йиллик раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов эса бошқа ишга ўтиши муносабати билан ушбу лавозимни тарк этмоқда. Олдинроқ депутатлар уни аъзоликдан чиқариш масаласини кўриб чиқиб, ҳал қилган эди.

Мирза-Улуғбек Абдусаломов. Фото: Сайловларни ёритиш бўйича халқаро матбуот маркази.

Низамходжаев 1954 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти олий, шифокор. «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони соҳиби. Сенат раиси ўринбосарлигидан аввал юқори палата қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.

Аввалроқ, депутатлар комиссиянинг 8 нафар янги аъзосини маъқуллагани, улар қаторида Низамходжаев ҳам борлиги ҳақида маълум қилган эдик.

«Газета.uz»нинг манбасига кўра, аъзолар қаторидан жой олган адлия вазири ўринбосари Бахром Кучкаров МСК раиси ўринбосари лавозимига сайланади.

Бахром Кучкаров. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Кучкаров 1972 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, иқтисодчи. 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 1998 йилда Вашингтон ҳуқуқ коллежини (АҚШ), 1999 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2017 йилда президент маслаҳатчиси биринчи ўринбосари, 2017−2020 йилларда Давлат экология қўмитаси раиси сифатида ишлаган. 2020 йилдан ҳозирда қадар эса адлия вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.

Мазкур лавозимда 2021 йилнинг январига қадар Маҳмуд Истамов фаолият юритган эди. У ҳам комиссияга қадар Адлия вазирлигида ишлаган — Адлия вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. Ҳозир Истамов Бухоро вилоятига прокурор бўлган.

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда Адлия вазирлигида консультантликдан бошлаган. 2017 йилда президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари — президент Девони юридик хизмати раҳбари, 2017−2020 йилларда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритган. Б. Кучкаров 2002 йилда «Шуҳрат» медали билан мукофотланган. Президентнинг қарори билан 2020 йил май ойидан ҳозирга қадар адлия вазирининг ўринбосари сифатида ишламоқда.

Маълумот ўрнида, Сайлов кодексининг 12-моддасига биноан Марказий сайлов комиссиясининг раиси Ўзбекистон президентининг тақдимномасига биноан комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланади. Унинг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия аъзолари орасидан сайланади.