Президент Давлат дастури бўйича йиғилишда мажлисларни тугатишга яна бир маротаба тўхталди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Шавкат Мирзиёев Давлат дастури лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси натижасида 2 мингдан зиёд фикр-мулоҳазалар асосида дастур қайта ишланиб, янада бойитилганлигини таъкидлади.

«Ҳар қанча қийин бўлмасин, 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг нафар аёлларни иш билан таъминлаш ҳамда «темир дафтар»га кирган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим», — деди президент.

«Шу билан бирга, 33 та „қизил“ туман ва оғир аҳволдаги 970 та маҳалланинг йўли, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғи яхши бўлишини, даромад манбалари кўпайишини одамлар кутаяпти», — деди у.

Йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов президентнинг мажлисларни қисқартириш бўйича топшириғи барчага етказилганлигини таъкидлади. «Топшириғингизни етказдик. Мажлислар бўлмайди. Фақат маҳҳаларда „маҳаллабай“ ишлаш бўйича бўлади», — деди у.

Шавкат Мирзиёев: «Энди ҳокимлар мажлис ўтказиш учун бош вазирдан рухсат сўрайди. Мен бу ҳақида гапиришдан чарчадим. Мажлисга кетадиган беш соат ичида қанча нарсаларни қилса бўлади», — деди. Давлат раҳбари мажлисларга профилактика инспекторлари ва маҳалла раисларини чақирмасликни айтди.

27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент кераксиз мажлис ўтказадиган раҳбарлар ишдан кетишини таъкидлаган эди.

«Кераксиз мажлисларни ўтказишни тугатиш керак. Отбозорга айланиб кетяпти. Баъзи раҳбарлар мажлисбозлик билан касал. Кераксиз мажлислар ўтказадиган… 40 дақиқадан кўпроқ (мажлис) ўтказадиганлар ишдан кетади. Администрация ва президент йиғилишларидан ташқари», — деганди давлат раҳбари.

Президент 2017 йилда бош вазир Абдулла Ариповга мажлисбозлик, қоғозбозлик ва ҳисоботбозликни кескин камайтириш бўйича топшириқлар берган эди. 2019 йил декабрь ойида президент давлат органларидаги мажлислар сонини қисқартириш тўғрисида қарор имзолаган эди.