Президент тақдимномасига биноан Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида Мирзо-Улуғбек Абдусаломов МСК аъзолигидан чиқарилиб, Конституциявий суд судьяси этиб тасдиқланган эди.

«Газета.uz» манбаси хабар беришича, шу куниёқ Конституциявий суднинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда суд раиси Бахтиёр Мирбобоев лавозимдан озод этилди. У раиси сифатида 2017 йил 24 августдан бери ишлаётган эди. Мирбобоев эндиликда Конституциявий суд судьяси сифатида фаолиятини давом эттиради.

Йиғилишда очиқ овоз бериш йўли билан Конституциявий суд раиси этиб Мирзо-Улуғбек Абдусаломов сайланди. У мазкур лавозимда 2004−2005 йилларда ҳам ишлаган.

Абдусаломов 1952 йилда туғилган, олий маълумотли — Тошкент давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос, юридик фанлар номзоди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

1995−2004 йиллар мобайнида Олий хўжалик судининг раиси, 2004−2005 йилларда Конституциявий суди раиси лавозимларида ишлаган.

2005 йилнинг 7 майидан 2021 йилнинг 5 февралига қадар Марказий сайлов комиссиясининг раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.