Президент Шавкат Мирзиёев Давлат дастурига бағишланган йиғилишда ҳудудлар раҳбарларига аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири йиғилишдан хабар бермоқда.

Президент деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга суғориладиган ерлардан 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш бошланганлигини қайд этди. «Бу жараёнда кенг жамоатчилик фикри, иштироки ҳам таъминланмоқда», деди у.

«Ер ажратиш жараёнларида адолат ва ҳалоллик бош мезон бўлиши, буни Бош прокурор Йўлдошев шахсан назоратга олиши зарур», — деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Қорақалпоғистон республикаси ва вилоят раҳбарлари қанча иш ўринлари яратиши кераклигига ҳам тўхталди. Президент топшириғига кўра, ҳудудлар раҳбарлари жами 1 миллион 659 минг кишини иш билан таъминлаши керак бўлади.

Унга кўра ҳудудлар бўйича фуқаролар бандлиги қуйидагича таъминланиши керак:

  • Мурат Камалов (Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси) — 72 минг нафар,
  • Шухрат Абдурахмонов (Андижон вилояти ҳокими) — 220 минг,
  • Ботир Зарипов (Бухоро вилояти ҳокими) — 82 минг,
  • Эргаш Солиев (Жиззах вилояти ҳокими) — 131 минг,
  • Зойир Мирзаев (Қашқадарё вилояти ҳокими) — 162 минг,
  • Қобул Турсунов (Навоий вилояти ҳокими) — 60 минг,
  • Шавкат Абдураззоқов (Наманган вилояти ҳокими в.б.) — 200 минг,
  • Эркинжон Турдимов (Самарқанд вилояти ҳокими) — 160 минг,
  • Тўра Боболов (Сурхондарё вилояти ҳокими) — 85 минг,
  • Ғофуржон Мирзаев (Сирдарё вилояти ҳокими) — 62 минг,
  • Даврон Ҳидоятов (Тошкент вилояти ҳокими) — 110 минг,
  • Хайрулла Бозоров (Фарғона вилояти ҳокими) — 240 минг,
  • Фарҳод Эрмонов (Хоразм вилояти ҳокими) — 75 минг нафар фуқаро.