Чоршанба куни президент қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқарони афв этишга оид фармонни қабул қилди. Улар орасида чет эл фуқаролари, 60 ёшдан ошган эркаклар, аёллар ҳамда тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар бор.
Чоршанба куни телефон орқали мулоқотда президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған бир-бирларини Рамазон ҳайити билан табриклашди. Қолаверса, улар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев Япония бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди. Томонлар «Марказий Осиё + Япония» форматидаги амалий ҳамкорликни муҳокама қилишди. Суҳбат сўнгида Шавкат Мирзиеёв Ёсехидэ Сугани Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.
Президент видеоселекторда гўшт ва ўсимлик ёғининг нархлари 1 йилдан буён тўхтовсиз ўсаётгани барча раҳбарларни зарур чора-тадбирларни кўришга ундаши кераклигини таъкидлади. «Озиқ-овқатнинг уч ойлик захираси ҳар бир ҳудудда бўлиши шарт», — деди у. Қолаверса, ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари камайиши уларнинг нархи ошишига олиб келгани айтилди.
Ўзбекистон муқаддас Рамазон Ҳайити — Ийд ал-Фитр байрами муносабати билан Афғонистонда уч кунлик сулҳ эълон қилинганини олқишлайди. Муборак кунларда ўт очишнинг тўхталиши Афғонистонда сиёсий тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича зарур шарт-шароитларни яратишига умид билдирилди.
Президент республикадаги мактаблар шароитининг ёмон аҳволдалиги масаласи долзарблигича қолаётганини таъкидлади. «Мактабдаги аҳволларни кўрса, одам тавба деб юборади. Камчиликларни 27 йил кўриб-кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан», — деди у.
12 май куни президент видеоселекторда 3 йилда ҳудудий дастурлар доирасида 16 трлн сўмлик 4,2 мингта лойиҳанинг 50 фоизи, жорий йилдаги 11,5 трлн сўмлик 2,6 мингта лойиҳа бўйича эса 80 фоиз пул тушумлари банкдан ташқарида айланаётганини айтди. «Демак, бу лойиҳалар фақатгина кредит олиш мақсадида, „кўзбўямачилик“ учун амалга оширилаяпти дегани эмасми?», — деди Шавкат Мирзиёев.
AҚШ Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм AҚШ учун Ўзбекистон қандай стратегик аҳамиятга эгалиги тўғрисида фикр билдирди. «Ўзбекистон AҚШ учун муҳим мамлакат саналади», — дейди у. AҚШ элчиси бу фикрини асослаш учун учта сабабни келтириб ўтди.
AҚШ Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари ҳақида фикр билдирди. Унга кўра, AҚШ ЕХҲТнинг мониторинг ишида қатнашади ва сайловларни яқиндан кузатиб боради. Шунингдек, унинг айтишича, сайловларда рақобатлашмоқчи бўлганларга имкон ва барча шароитлар бўлиши жуда муҳим. «Aгар кимдир сиёсий партия тузмоқчи бўлса, унинг йўлига қўйиладиган тўсиқлар бўлмаслиги керак», — дейди у.
Президент чоршанба кунги видеоселектор йиғилишида қурилиш соҳасида муаммолар, шу жумладан, тендерларда рейтингда йўқ қурилиш компаниялари иштирок этмаслиги кераклигига тўхталиб ўтди. «Тадбиркор тадбиркорлиги, қурувчи қурилиши билан шуғуллансин», — деди Шавкат Мирзиёев. У шунингдек, тадбиркор қурилиш билан шуғулланса Жиззахдаги уй қулаши каби оқибатларга олиб келиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 1 августга қадар, мавжуд кечикишни тўлиқ бартараф этган ҳолда, АСКУЭ тизимини 100 фоиз ишга туширилиши шарт эканлигини таъкидлади. Саноат тармоқлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўла қондириш учун, иккинчи чоракда жами 15,5 млрд киловатт электр ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди.
Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 2,5 млн сўм пенсия тайинлашга оид фармонни имзолади. Ушбу тартиб 10 майдан бошлаб амал қилади. Ҳозирга қадар уруш фахрийларининг пенсияси 800 минг сўмни ташкил этган эди.
Ногиронлиги бор шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда тўловлар учун чегирмалар берилади. Президент душанба кунги тақдимот вақтида айни шу бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган. Қолаверса, хизматлар сонини йил якунига қадар 157 тадан 200 тага етказиш вазифаси ҳам қўйилган. Бундан ташқари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти танқид остига олинган.
Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилди. У ЖКнинг иккита моддаси бўйича оқланди, бироқ туҳмат ва товламачилик моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд унга 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг адвокати эса апелляция шикоятини беришини маълум қилди.
Франция делегацияси Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва делегация раҳбари Франк Риестер ташқи ишлар вазирликлари ўртасида икки йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Хитой — Марказий Осиё» иккинчи вазирлар учрашувида қатнашиш учун Хитойга боради. Учрашув чоғида транспорт йўлаклари боғлиқлигига кўмаклашиш ва узлуксиз савдога кенг йўл очиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг шу ҳафтада иш графигидан ўрин олган маҳаллий тадбирлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Шавкат Мирзиёев ҳафта давомида иккита тақдимот ва бир видеоселекторни ўтказади. Қолаверса, президент Япония етакчиси ва минтақа мамлакатлари раҳбарлари билан мулоқот қилиши кутилмоқда.
Президент Хотира ва қадрлаш қадрлаш кунида Шон-шараф музейига ҳам ташриф буюриб, «бу ер халқ музейи бўлиши керак», дея таъкидлади. Ҳозир музейда 12,5 мингдан ортиқ экспонат мавжуд. «Бу уруш даҳшатини англаш, тарихдан сабоқ чиқариш учун муҳим. Музей бунда асос, тарих билан бугунги кун ўртасида кўприк бўлиши керак», — деди давлат раҳбари.
Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ҳокимлиги ташкил этилди. Туманда қўшимча штат бирликлари ажратилган ҳолда адлия бўлими, давлат хизматлари маркази ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ташкил этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюрди. Давлат раҳбари уруш қатнашчиларини табриклаб, Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган 2 млнга яқин ватандошларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, уруш қатнашчилари ҳақида тўлиқ маълумотлар акс этган электрон база яратилиши ҳам таъкидланди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг