12 май куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишида республикадаги мактабларнинг шароти ҳақида тўхталиб ўтилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» муҳбири.

«Мени нима қийнайди десангиз, айтаман: мактабдаги шароит. Мактабдаги аҳволларни кўрса, одам тавба деб юборади. Шу 4 йилда мактабга жуда кўп эътибор бердик, аммо муаммолар ҳали ҳам кўп. Камчиликларни 27 йил кўриб-кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан», — деди президент.

Давлат раҳбари «Учинчи Ренессансга пойдевор қураётган даврда, маблағларни тўғри сарфлаб, мактабларга биринчи навбатда йўналтирмаса, китоб, шароит, ўқитувчининг иш ҳақини жой-жойига қўйилмаса, ниятга эриша бўлмасликни» таъкидлади.


Фото: Президент матбуот хизмати.

«Ҳозирнинг ўзида мактабни таъмирлаш, уёқ-буёғини суваш учун 30 трлн сўм керак бўляпти. Бир пайтлар партани олиб бориб қўйиб, мактаб филиаллари очилган. Бу ҳозир катта муаммога айланяпти: бундай мактаблар филиалларида ўқиган болаларнинг билими, ўқитувчиларнинг савияси, ойлиги, шароити қандай бўлади — бунга жавоб йўқ. Бу фақат мактаб таълимининг ўзидаги муаммолар. Шерматов (Халқ таълими вазири)ни олдимга чақирсам, шароитни яхшилаш учун 30 триллион маблағ керак, деяпти. Бу китоб-у партасини ҳисобга олинмаганда, фақат таъмирлаш учун кетадиган маблағ. Хаджибаев (соғлиқни сақлаш вазири)ни чақирсам, 60 триллион сўм керак, деяпти. Бу пулларни қаердан оламиз?», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев бу каби йиллар давомида тўпланиб қолган долзарб ижтимоий муаммоларни бартараф этиш учун аввало ўз вақтида солиқ тушумларини таъминлаш зарурлигини таъкидлади, маблағларни мақсадли сарфлаш назоратини кучайтириш бўйича топшириқ берди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда ўқувчилар сони (6,24 млн) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 млн) сезиларли даражада ортиб кетгани ҳақида маълум қилган эди. Вазир агар вазият шу ҳолда ривожланиб борса, ўртадаги фарқ 2 млнтага етишини таъкидлаганди. Бундан ташқари, Шерзод Шерматов 10 йил давомида жуда кўп мактабларнинг бинолари қуввати камайгани сабабли бошқа идораларга фойдаланиш учун бериб юборилганини ҳам қайд этган.