Президент 12 май куни ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи чоракдаги кўрсаткичлар таҳлили ҳамда жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор ўтказди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, йиғилишда ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан бири — аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Айрим ҳудудларда баъзи турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари камайишига йўл қўйилаётгани таъкидланди.

Мисол учун, тухум ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент вилоятида — 5 фоизга, Сирдарёда — 4 фоизга камайиши ҳисобига, ушбу вилоятларда тухумнинг нархи 7 фоизга, республика бўйича эса 3,6 фоизга ошган.

«Гўшт ва ўсимлик ёғининг ҳам жаҳон бозоридаги нархлари 1 йилдан буён тўхтовсиз ўсаётгани барча раҳбарларни зарур чора-тадбирларни кўришга ундаши керак», — деди у.

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов, вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йилда чорвачилик йўналишида 1 мингта, паррандачиликдаги 277 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига, 13 минг тонна гўшт, 608 минг тонна сут, 3 млрд дона тухум ва 14 минг тонна парранда гўшти етиштирилишини таъминлаши кераклиги айтилди.

«Ҳокимлар бугун уч ойлик озиқ-овқат захираси бўйича жавоб бериши керак. Гўшт, тухум, ёғ…буларни захираси нима бўлади? Ҳокимлар аҳолига нима бера олади? Шу саволларга ҳар доим жавоб бериши керак. Озиқ-овқатнинг уч ойлик захираси ҳар бир ҳудудда бўлиши шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ғаниев, Ходжаев, Хаитов вилоят ҳокимлари билан бирга, 1,1 млн гектар асосий майдонларда 224 минг гектар боғ-ток ораларига ҳамда ғалла ва эртанги экинлардан бўшайдиган 873 минг гектарга сабзавот, картошка, полиз, шоли, мойли ва озуқа экинларини етиштиришни ташкил этишлари зарур.

Ёғ-мой маҳсулотларига ички бозорда аҳоли талабини қондириш мақсадида, жорий йилда 246 минг тонна мойли экинларни етиштириш ва бунинг ҳисобига 86 минг тонна мой ишлаб чиқарилишини таъминлаш керак.