Чоршанба куни президент раислигида макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари ҳудудлардаги муаммоли кредитлар бўйича масъул раҳбарларни танқид қилган.

Соҳалар кесимида мавжуд муаммоли кредитлар:

  • Саноатда — 3 трлн сўм
  • Савдо ва хизмат кўрсатишда — 2,1 трлн сўм
  • Қишлоқ хўжалигида — 1,8 трлн сўм
  • Қурилишда — 978 млрд сўм,
  • Транспорт ва коммуникацияда — 547 млрд сўм.

Ҳудудлар кесимида Жиззах, Самарқанд Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг ҳар бирига қарийб 1 трлн сўмдан муаммоли кредитлар тўғри келмоқда.

Президент бу маблағларни қайтаришга бош вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор ва тижорат банклари раҳбарлари шахсан жавоб беришини айтди.

«Биз мисли кўрилмаган маблағларни ажратаяпмиз. Ҳаммага бераверсак-у, маблағ қайтишига ҳеч ким жавоб бермаса, давлатни ҳисоб-китобини ким қилади? Ҳар бир ҳоким ўз ҳудуди бўйича кредитларни қоплаш масаласи юзасидан ҳисобот бериши лозим», — деди у.

Бош вазирнинг ўринбосарлари Очилбой Раматов, Жамшид Қўчқоров, Сардор Умурзоқов, Шуҳрат Ғаниев, Беҳзод Мусаев, Азиз Абдуҳакимов вилоят ҳокимлари билан бирга, икки ҳафта муддатда ўз комплексига кирувчи корхоналарнинг муаммоли қарздорлигини тўлиқ хатловдан ўтказиб, иккинчи чорак якунига қадар уларнинг камида 25 фоизини, йил якунига қадар эса 100 фоиз қайтимини таъминлаш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар кесимида графикни тасдиқлаши кераклиги қайд этилди.

Бундан ташқари, оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича 466 млрд сўмлик муаммоли қарздорликларни ундиришга Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Ботир Зохидов, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Саидқаҳҳов Холхўжаев вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари билан бирга масъул ва жавобгар бўлади.

Президентнинг таъкидлашича, «қайси вилоят, шаҳар ёки туман ҳокими ҳисоб-китобини билмаса, қатъий чора кўрилади, ҳаммасига жавоб беради».

Жойларда кредит ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аксариятида инфратузилмага улаш, технолог, маркетолог топишда ёрдам бериш, маҳсулот бозорини топиш орқали, уни сотишга кўмаклашиш йўлга қўйиш бўйича бирорта тармоқ, ҳудуд, сектор ва тижорат банклари раҳбарлари тизимли ишларни ташкил этмаяптилар.

«Жамшид Қўчқоров, Сардор Умурзоқов, Шерзод Қудбиев, Ботир Зохидов вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор ва тижорат банклари раҳбарлари билан бирга, икки ой муддатда ушбу корхоналар муаммоларини аниқлаб, уларни „соядан“ чиқариш чораларини кўрсин», — дея қайд этди у.

«Ниғматилла Йўлдошев, Туробов, Бош прокуратура департаменти (Дилшод Раҳимов — таҳр.) давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича белгиланган параметрларнинг бажарилиши, яъни рақамларни бўрттириб кўрсатиш кўплаб учрамоқда, кредитларнинг мақсадли ишлатилиши бўйича кунлик назорат ўрнатсин ва айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш юзасидан ҳар ойда ахборот бериши керак. Булар нотўғри маълумотни бераяпти… Халқни рози қилиш ўрнига, айрим раҳбарлар нопок йўлларга юриб кетаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, 3 йилда ҳудудий дастурлар доирасида 16 трлн сўмлик кредит ҳисобига амалга оширилган 4,2 мингта лойиҳанинг 50 фоизи, жорий йилдаги 11,5 трлн сўмлик 2,6 мингта лойиҳа бўйича эса 80 фоиз пул тушумлари банкдан ташқарида айланаётгани айтилди.

«Демак, бу лойиҳалар фақатгина кредит олиш мақсадида, „кўзбўямачилик“ учун амалга оширилаяпти, корхоналар солиқ тўламасдан ишлаяпти дегани эмасми? Агар бу пул банкка қайтса, қанча имконият кўпаяди», — деди давлат раҳбари.

Давлат дастурлари доирасида олинаётган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши бўйича кунлик назорат ўрнатиш ва айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш юзасидан ҳар ойда президент Администрациясига ахборот киритиб бориш бўйича бош прокуратура департаменти ва Ҳисоб палатасига топшириқ берилди.

«Агар эскича фикрлашда кетаверсак, эртага жуда кеч бўлади… Биз нимага шунча маблағ ажратаяпмиз? Иқтисодиёт, одамлар пул кўриши, ривожланиши учун. Агар шу нарсаларни тўғри тушуниб, чорасини кўрмаса — раҳбарлар ишдан кетади… Мен нимага биржани ривожлантиринглар деяпман? Мақсад — бозор ривожлансин, соғлом рақобат ва тенг ҳуқуқли иқтисодиёт шакллансин», — деди у.

Президент хорижий молия институтлари ва халқаро банклардан олинаётган қарзлар атрофидаги гап-cўзларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Ҳамма четдан қарзимиз кўпайиб кетаяпти деб гапираяпти. Агар четдан пул олмасак иқтисодиётимизни шу даражагача ривожлантира олармидик? Ички пулларни ҳам, хориждан олинаётган маблағларни ҳам иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ўзгариши учун сарфлаяпмиз… Ҳокимлар бугундан фикрини ўзгартирмаса, ишдан кетади. Улар маблағлар қаердан, ниманинг ҳисобига келаётганини ҳам билмаяпти…», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, мазкур йиғилишда давлат раҳбари 1 августга қадар АСКУЭ тизимини 100 фоиз ишга тушириш шартлиги, қолаверса, соҳалардаги масалаларни ҳал қилиш бўйича вазир ва ҳоким ўринбосарлари ҳам масъулият ва жавобгарликни ўз бўйнига олиши кераклигини айтди.

Шу билан бирга, президент тендерларда рейтингда йўқ қурилиш компаниялари иштирок этмаслиги лозимлиги ҳақида гапира туриб: «Тадбиркор тадбиркорлиги, қурувчи қурилиши билан шуғуллансин», — деди.

Селекторда Шавкат Мирзиёев пахтада «приписка» йўқ қилинган булса-да, саноат тармоқларида қўшиб ёзишни йўқ қилиш осон булмаётганлигини ҳам таъкидлади. «Ҳокимлар таниш-билиш қилиб, шерик бўлиб асл ҳолатни беркитишаяптими? Прогнозни бажара олмаса, нега раҳбар бўлиб ўтириши керак?» — деди у.