Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Ғалаба боғига ташриф буюрди. Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идораларнинг раҳбарлар таркиби саф тортган.


Давлат раҳбари, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони уларни байрам билан табриклади. Ҳарбий оркестр ижросида «Хотирлаш куйи» янгради.

Президент ҳамда Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар вакиллари «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.


Ғалаба боғидаги амфитеатрда 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун ўзбек халқини табриклади (видео).


Давлат раҳбари 1941 йил арафасида республикада аҳоли сони 6,8 млндан ортиқ бўлганини эсга олди. Уруш бошланиши билан, шундан қарийб 2 млни фронтга отланган. Бу қаҳрамон инсонларнинг 500 мингдан зиёди жангларда ҳалок бўлган.

«Биз бу рақамларни ҳар йили қайта-қайта эсга оламиз. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам. Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди», — деди у.


Урушдан жабр кўрган 1,5 млндан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикамизга кўчириб келтирилган. Уларнинг 250 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган болалар эди.

«Эл-юртимиз мудҳиш уруш йилларида ўзининг юксак гуманистик фазилатларини намоён этди. Ўзбекистонга олиб келинган турли миллатга мансуб минг-минглаб инсонларга бошпана берди, меҳр-шафқат, одамийлик кўрсатиб, энг сўнгги нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. Халқимизнинг бундай улкан жасорати, олижаноблиги бутун дунёда ҳурмат-эътирофга сазовор бўлди. Ва бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Ўзбекистон халқи, ана шундай оғир талафотлар кўриб, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшганини таъкидлади. Бу ҳақиқатни 200 мингдан ортиқ аскар ва офицерлар жанговар орден ва медаллар билан мукофотланганини ҳам яққол исботлайди. Ватандошларнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан ортиғи учта даражадаги «Слава» орденига сазовор бўлгани айтилди.


Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 2 млнга яқин ватандошларнинг тўлиқ рўйхатини шакллантириш ва шу асосда, «Ватан фидойилари» хотира китобини тайёрлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Бугунги кунда юртимизда уруш қатнашчилари ҳақидаги маълумотларнинг тўлиқ электрон базасини яратишнинг вақти-соати келди. Россия, Беларусь, Қозоғистон каби давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибасини ўрганиб, бундай амалий ишларни Ўзбекистонда ҳам ташкил этишимиз лозим», — деди у.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта муддатда, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ҳақидаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, бу борада махсус сайтлар, Интернет ресурсларни кўпайтириш ҳақида қарор лойиҳасини тайёрлаб, киритиш топширилди.


Давлат раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги байрам иштирокчилари, нуронийлар билан видеоалоқа орқали мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев тадбирга келган уруш ва меҳнат фахрийлари билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Кексалар мамлакатимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.