12 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутладилар. Ушбу муқаддас айёмнинг барча мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, биродар халқларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор қилдилар.

Президентлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилдилар. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Давлат раҳбарлари Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш муҳим эканини қайд этдилар. Шу мақсадда келгуси ойда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда бизнес-форум ўтказилади, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилди.

Телефон мулоқоти чоғида икки давлат етакчилари халқаро сиёсат масалалари юзасидан фикр алмашган.

«Президентлар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканликларини билдирдилар. Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал этилиши лозимлиги қайд этилди», — дейилади хабарда.

Туркий кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.