Президент Шавкат Мирзиёев 12 май куни Япония Бош вазири Ёсихидэ Суга билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Ўзбекистон-Япония стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширилган олий даражадаги ташрифдан сўнг амалий ҳамкорликда, очиқ ва самарали мулоқотда юксак натижаларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Япония томони Тошкент Корея ярим оролини ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ва ўғирланган япон фуқароларини қайтариш масаласини муттасил қўллаб-қувватлаётгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Президент JIСA агентлиги, Япониянинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари билан самарали шерикликни юксак баҳолади. Ўтган йилда, глобал инқироз ва карантин чекловларига қарамай, япониялик сармодор ва мутахассислар билан биргаликда Тўрақўрғон ИЭС қурилиши, Навоий ИЭСни кенгайтиришнинг иккинчи босқичи, «Навоийазот» корхонасида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик қувватларни ишга тушириш каби устувор лойиҳалар амалга оширилди.

Шунингдек, халқаро кун тартиби, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар «Марказий Осиё + Япония» форматидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини қайд этдилар.

Япония бош вазири июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро конференцияни қўллаб-қувватлашини, унинг ишида иштирок этишини таъкидлади.

Суҳбат сўнгида Шавкат Мирзиеёв Токио шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини тилаб, бош вазир Ёсехидэ Сугани Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.