Душанба куни анъанага мувофиқ ўтказилган брифингда, президент матбуот котиби Шерзод Асадов шу ҳафта давлат раҳбарининг иш графигидан ўрин олган тадбирлар ҳақида ахборот берди.

Унинг таъкидлашича, ҳафтанинг илк кунида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот ўтказилади.

«Шунингдек, ҳафта давомида соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш жараёнлари ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор ўтказилиши мўлжалланган», — деди Асадов.


Ҳафта мобайнида президент халқаро аҳамиятдаги тадбирларда ҳам иштирок этиши кутилмоқда. «Бу ҳафта президентимиз Япония етакчиси ҳамда минтақамиз мамлакатлари раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказиши режалаштирилган», — деди унинг матбуот котиби.

Давлат раҳбари шунингдек, Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорга имзо чекиши ҳам кутилмоқда.