AҚШ Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм «Xabar.uz» нашрига берган интервьюсида AҚШ учун Ўзбекистон қандай стратегик аҳамиятга эгалиги тўғрисида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон AҚШ учун муҳим мамлакат. AҚШ элчиси бу фикрини асослаш учун учта сабабни келтириб ўтган.

«Биринчи сабаб шуки, биз ушбу минтақада хавфсизлик ва барқарорлик бўйича муштарак манфаатга эгамиз. Марказий Осиёда тинчлик ва фаровонлик бўлиши тарафдоримиз. Минтақа уруш, терроризмдан ҳоли минтақа бўлишини истаймиз. Биз ҳарбий соҳада бўладими, тренинглар ўтказишдами, хуллас барча масалаларда биргаликда иш олиб боряпмиз. Aфғонистондаги тинчлик, у ерда осойишталик барпо этиш жараёнини Ўзбекистон жуда яхши қўллаб-қувватламоқда. Бу муштарак манфаатларимизнинг биринчиси», — дейди у.

У иккинчи сабаб сифатида ҳар икки мамлакат учун фойдали бўлган иқтисодий ҳамкорликни келтириб ўтди. Розенблюмнинг таъкидлашича, агар AҚШ ислоҳотларни муваффақиятли бўлишида ёрдам берса, бундан Ўзбекистон фойда кўради, иқтисоди очиқ ва яхшироқ ишлайди. «Бу AҚШ учун ҳам фойдалидир, чунки компаниялар бу ерга келиб, пул ишлашлари мумкин, яъни ҳар икки томонга ҳам фойда», — дейди у.

Дэниел Розенблюм учинчи сабаб бу гуманитар ҳамкорлик эканлигини келтирди.

«Учинчи соҳа шуки, одамлар баъзан уни яхши тушуна олмайди. Бу — гуманитар ҳамкорлик, одамлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликдир. Масалан, икки мамлакат университетларининг ўзаро ҳамкорлиги ва ёки муштарак қадриятларга бўлган ишонч. Шу боис биз ҳукумат билан жуда яқиндан иш олиб боряпмиз. Меҳнат масаласи бўладими, ёки пахта ва мажбурий меҳнат бўладими, Ўзбекистон ҳукумати бу борадаги тангликни қисқартиришни истайди. Масалан, мажбурий меҳнат масаласида, у халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўрайди ва биз унинг бир бўлагимиз. Одамлар ўртасидаги алоқалар ҳам муштарак мақсадларимизда жуда муҳимдир», — дейди AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси.