10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторийга нисбатан очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Мазкур жиноят иши ЖИБ Музработ туман суди раиси Т. Абдираимов раислигида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра, О. Сатторий айбловнинг жабрланувчи Н. Нарбаевани ҳақорат қилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан ҳамда Т. Кўчаров, А. Худойқулов ва З. Хурсановга нисбатан такроран товламачилик қилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилиб, ушбу моддалар билан унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқланди.

Сатторий ЖКнинг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Шунингдек,ашёвий далил сифатида олинган 1 дона «Vivo-X50» телефони қонуний эгаси Л. Тўраевга, 1 дона «Redmi 5+» телефони ҳамда 1 дона «Zotac» русумли компьютер процессори қонуний эгаси судланувчи О. Сатторийга қайтарилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Термиз шаҳридаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус Ҳ. Бобоқулов томонидан 2020 йил 2 июль куни (KSH 032769 SV-сонли реестр) тасдиқланган «Termiz Eko Ekspress loyiha» МЧЖ раҳбари Т. Шапулатов билан О. Сатторий ўртасида Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, «Маърифат» маҳалласи, Истиқлол кўчаси, 6-уйда жойлашган 42-рақамли квартирани О. Сатторийга сотганлиги бўйича тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди.

«Termiz Eko Ekspress loyiha» МЧЖ раҳбари Т. Шапулатовдан судланувчи О. Сатторий фойдасига жами 234 835 000 сўм ундирилиши белгиланди.

Блогернинг адвокати Умидбек Давлатов эса бу ҳукмдан норози эканлигини билдирди. «Бу мутлақо адолатсиз ҳукм бўлди. Албатта ҳукм нусхасини олишимиз билан апелляция тартибида шикоят бериб яна давом эттирамиз», — деди Давлатов.

Бунга қадар, прокурор суддан Отабек Сатторийни бешта бандда айбдор деб топиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди. Судланувчининг адвокати Умидбек Давлатов ўшанда ҳам айбловда кўрсатилган ҳолатларнинг ҳеч бири ўз исботини топмаганини айтганди.