Президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор ўтказди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Йиғилишда таъкидланишича, 175 та уй-жойлар массивининг (1 мингта кўп қаватли уй) бор-йўғи 36 таси бўйича пудратчилар аниқланган.

Бунда, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Хоразмда объектлар қурилиш рейтинги бўйича мос келмайдиган қурувчи ташкилотларига берилган.

«Тендерда рейтингда (Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтинги портали — таҳр.) йўқ қурилиш компанияларига лойиҳаларни беряпсизлар… Тадбиркор тадбиркорлиги, қурувчи қурилиши билан шуғуллансин. Президент топшириқ бераяпти, рейтинги йўқ қурилиш ташкилотларига бирор лойиҳа берилмайди. Кўрдик Жиззахдаги воқеаларни… тадбиркор қурилиш қилса нима бўлишини ҳам…», — деди президент.

Давлат раҳбари бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва қурилиш вазири Ботир Зокировга вилоят ҳокимлари билан бирга, икки ҳафта муддатда 139 та турар-жой массивлари бўйича тендерларни якунлаб, қурилиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берди.

Шу йилнинг январь ойидан буён қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтинги портали — reyting.mc.uz ишга туширилган эди. Ўшанда тендер савдолари айнан мазкур рейтинг натижаларига кўра ўтказилиши ва савдоларда юқори ўринда турувчи ташкилотлар устунликка эга бўлиши айтилганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Жиззах вилояти ҳокимиятининг «Ягона буюртмачи хизмати»дан қарийб 292,1 млрд сўмлик йирик давлат буюртмаларини Qurilish Ta’minoti, J-Quruvchi и Abduvohid Qurilish Ta’mir компаниялар қўлга киритгани ҳақида ёзган эди. Ушбу компаниялар таъсисчилари вилоят ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқуловга алоқадор бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, 10 январь куни кечга яқин Жиззахда 6 қаватли бино, 1−2 қаватлари савдо доконлари, 3−6 қаватлари эса квартираларга мўлжалланган объект ҳам қулаб тушган эди. Ҳодиса юзасидан вилоят прокуратураси Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатган эди. Қурилиш вазири Ботир Зокиров мазкур объект қурилишини «тўғридан-тўғри коррупцион схема», деб атади.

15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев «Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари сиёсатимизга хиёнат қилди», дея таъкидлаган эди. Давлат раҳбари ҳоким ўринбосарида «9 та бунақа уйи бор» дея айтган эди. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга вазиятни назоратга олиш ва мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш бўйича топшириқ ҳам берилганди.

22 январга келиб, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов, тендер комиссияси мансабдорлари ва қурилиш компаниялари раҳбарларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди, 209-моддаси ва 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, «Газета.uz» ноябрда Жиззах шаҳри кўчаларини кўркамлаштириш бўйича 1,9 млрд сўмлик давлат буюртмасини My Flower МЧЖ ютгани ҳақида ёзган эди. Мазкур компания вилоят ҳокимининг Эргаш Солиевнинг қизи — Солиева Наргиза Эргашевнага (50,80% улуши) тегишли.