2021 йилнинг 11−12 май Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Циан шаҳрида бўлиб ўтадиган «Хитой — Марказий Осиё» иккинчи вазирлар учрашувида иштирок этиш учун ХХРга ташриф билан боради. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тадбирда, шунингдек, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳам қатнашади.

Вазирлар учрашувида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, томонлар учун манфаатли ҳамкорликни янада илгари суриш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт йўлаклари боғлиқлигига кўмаклашиш ва узлуксиз савдога кенг йўл очиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Ташриф давомида вазир Абдулазиз Камилов Хитой ТИВ раҳбари Ван И билан икки томонлама музокаралар ўтказади ва «Ипак йўли» 5-Халқаро ЭКСПО очилиш маросимида нутқ сўзлайди.