Электрон рақамли имзо билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари порталининг мобил иловасини ривожлантириш, қолаверса ногиронлиги бўлган шахсларга тўловларда чегирма бериш режалаштирилмоқда.

Бу борада президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигига оид тақдимот вақтида Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳамда Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиевга топшириқлар берган.

Чапдан ўнгга: Адлия вазири Русланбек Давлетов, ДХА директори Улуғбек Муҳаммадиев.

Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, тақдимотдан сўнг ишлар тез суратларда бошлаб юборилган. Ҳозирда мутахассислар томонидан давлат хизматларидан фойдаланган ногиронларга тўловлар учун чегирмалар бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, тақдимот давомида хизматлар сонини кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидлаш жоиз, ДХА энди иш бошланида хизмат турлари 37 та бўлган, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 157 тага етган. Аҳолига кунига ўртача 57 мингтадан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Бунинг учун 117 та қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, соҳа ислоҳ қилинди. 70 дан зиёд давлат хизмати соддалаштирилди. Талаб этиладиган ҳужжатлар сони 221 тадан 95 тага, хизмат кўрсатишнинг умумий муддати қарийб 500 кундан 271 кунга қисқартирилди.

Ҳудудларда давлат хизматлари марказлари учун 145 та янги бино ва 115 та филиал барпо этилди. Фуқаролик ҳолати далолатномалари архивидаги 60 миллион дона қоғоз шаклидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилди, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, хизматлар қамрови ва тезкорлигини ошириш учун ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Мисол учун, зарур маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмагани сабабли атиги 11 фоиз хизматлар электрон шаклда кўрсатилмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали 30 турдаги хизмат кўрсатиш мумкин, холос. Ундан атиги 11 таси интерактив хизматлар. Электрон идентификация тизими ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлаш ривожланмаган.


Тақдимотда хорижий тажриба асосида, шу йил якунигача давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 200 тага етказиш вазифаси қўйилди. Барча 716 та давлат хизматини инвентаризация қилиб, уларнинг муддатлари, тўлов миқдорлари, шартлари ва бошқа талабларини соддалаштириш бўйича кўрсатма берилди.

«Давлат идораларининг халқимизга хизмати одамларни рози қилишнинг асосларидан бири. Қайси қишлоқда, маҳаллада қайси хизматга эҳтиёж борлигига қараб, шунга шароит яратиш керак. Қайси хизматларни арзонлаштириш, қайсиларини бепул қилиш масаласини таҳлил этиб, аҳолига енгиллик ва қулайлик яратиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Идоралараро интеграция даражасини ошириш, бунинг учун давлат хизматлари учун тўловларнинг 20 фоизини ташкилотларнинг ахборот технологиялари тизимини ривожлантиришга йўналтириш, қоғоз шаклидаги архив ҳужжатларини рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди.