АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник боғлар ва тоза ҳавони тарғиб қилаётган фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини олқишлади. 3 май куни у АҚШ мустақиллигининг (бу сана — 4 июль, аммо дипломатик миссия уни эртароқ нишонлайди) 248 йиллигига бағишланган маросимда нутқ сўзлади. Тадбирда бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.

Ҳар йили АҚШ элчихонасидаги маросим турли мавзуда бўлиб ўтади. Бу йил «АҚШ миллий боғлари мавзусига бағишланиб, уларнинг биринчиси бундан 150 йилдан ортиқ аввал ташкил этилган».

«Ҳар йили 330 миллиондан ортиқ америкалик ва чет эллик сайёҳ Йосемите, Йеллоустоун, Гранд Каньон ва бошқа кўплаб боғларимизда муҳофаза этиладиган ажойиб табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлишади. Дарҳақиқат, ёз ойларида оилангиз билан машинада миллий боғларни зиёрат қилиш мақсадида сафарга отланишдан ҳам ортиқроқ америкача анъана мавжуд эмас», — деди элчи.

«Бироқ, кўпчилик эҳтимол билмаган нарса шундаки, оддий, аммо инқилобий ғоя бўлмаганда, ушбу боғлар бугунги кунда мавжуд бўлмас эди. Бу ғояга кўра, ушбу ҳайратомуз манзаралар имтиёзларга эга озчилик учун эмас, балки ҳамма учун бирдай тегишли бўлган хазинадир. Президент Франклин Рузвельт бу ғояга мана бундай ажойиб таъриф берганди: „Бизнинг миллий боғларимиздан ҳам ортиқроқ америкача ҳеч нарса йўқ… Миллий боғлар ортидаги асосий ғоя шуки, мамлакат халққа тегишлидир“», — деди дипломат.

У шундай таъкидлади: «Бу боғларни яратиш осон бўлмади. Экологлар ва табиатни муҳофаза қилувчилар ёғоч, тоғ-кон саноати, энергетика ва бошқа манфаатлар борасида баҳслашдилар ва охир-оқибат ғалаба қозондилар. Натижада бизнинг миллий боғларимиз кўпинча Американинг „энг яхши ғояси“ дея таърифланади ва ер ҳам, худди эркинлик каби, қадрланиши, ҳимоя қилиниши ҳамда ҳамма учун очиқ бўлиши керак, деган фикрни илгари суради. Бу гўзал қўриқхоналар нафақат табиат мўжизаларимизни сақлаб қолади, балки улар демократиянинг ҳам ўзига хос рамзи саналади».

«Худди шундай жараён ҳозир Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистон фуқаролари боғларни кўпайтириш ҳамда, албатта, ўзлари нафас олаётган ҳаво ва ичадиган сувни муҳофаза қилишни тарғиб қилишмоқда. Иқтисодий ўсиш ва табиатни асрашга бўлган эҳтиёжни мувозанатлаш осон иш эмас. Бунда нафақат ҳукумат, балки фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ҳам фаол иштирок этиши зарур. Гап Ўзбекистон ҳақида бўладими ёки Қўшма Штатлар ҳақида бўладими, халқларимиз ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тегишли сиёсатни ишлаб чиқишда иштирок этиш эркинлигига эга бўлсалар, мамлакатларимиз янада кучлироқ ва атроф-муҳитимиз янада хавфсизроқ бўлиши аниқ».

«Келажакка назар ташлар эканмиз, келинг, демократиянинг ўзи каби парвариш этилиши, ҳимоя қилиниши ва асраб-авайланиши керак бўлган боғларимиздан илҳом олишда давом этайлик. Келинг, биргаликда ушбу табиий манзаралардан баҳраманд бўлайлик ҳамда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам муносабатларга асос бўлган ва халқларимизни порлоқ келажак сари йўналтирувчи умумий мажбуриятларни эсга олайлик», — дея якунлади элчи.