8 май куни қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра, Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ҳокимлиги ташкил этилди.

Аввалроқ, Наманган шаҳрида жойлашган 79 та маҳалладан 24 таси, 70 та мактабгача таълим муассасасидан 40 таси, 85 та умумтаълим мактабидан 21 таси, 6 та оилавий поликлиникадан 2 таси ва 52 та касалхонанинг 12 таси Янги Наманган тумани таркибига ўтказилиши ҳақида хабар бергандик.

Шавкат Мирзиёев 18−19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида аҳоли учун ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, Наманган шаҳри ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Наманган шаҳар бўйсунувида Янги Наманган туманини ташкил этиш таклифини киритган эди.

Хабар берилишича, 2022 йил 1 декабргача туманнинг маъмурий-ҳудудий чегарасини ҳисобга олган ҳолда, Наманган шаҳрининг 2040 йилгача бўлган бош режаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, туманда қўшимча штат бирликлари ажратилган ҳолда адлия бўлими, давлат хизматлари маркази ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ташкил этилади.

Янги Наманган тумани Наманган таркибидаги иккинчи туман бўлади. 2020 йил сентябрида шаҳарда Давлатобод тумани қайта тузилган эди.