AҚШ Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм «Xabar.uz» нашрига берган интервьюсида 2021 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У бу сайловларда демократия бўлиши, AҚШ ЕХҲТнинг мониторинг ишида қатнашиши ва сайловларни яқиндан кузатиб бориши ҳақида сўзлади.

«Сайловлар эркин, адолатли ва рақобатдош бўлиши чиндан демократик жамият белгиларидан саналади. Демократия ҳамиша ривожланиб турадиган жараён, ва сайловлар унинг муҳим бир қисмидир. У орқали халқ ўз раҳбарини сайлайди», — дейди у.

Шунингдек, AҚШ элчиси сайловлар адолатли ташкил этилишини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, сайловларда рақобатлашмоқчи бўлганларга имкон ва барча шароитлар бўлиши жуда муҳим. «Aгар кимдир сиёсий партия тузмоқчи бўлса, унинг йўлига қўйиладиган тўсиқлар бўлмаслиги керак», — дейди у.

Дэниел Розенблюм келаётган сайловларда халқаро ҳамжамият, жумладан AҚШнинг иштироки ҳақида сўзлади.

«Шуни биламанки, келаётган сайловларда Ўзбекистонда халқаро ҳамжамият ҳам иштирок этади. AҚШ ЕХҲТнинг мониторинг ишида қатнашади ва сайловларни яқиндан кузатиб боради. Биз Марказий сайлов комиссиясига сайловларни ўтказишда техник кўмак бериш ниятидамиз ва жараённи яқиндан кузатиб борамиз. Демократия бир эволюция демакдир ва у тўғри йўналишга эга бўлиши жуда муҳимдир. Биз буни Ўзбекистондан кутиб қоламиз», — дейди AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси.