Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Географик кўрсаткичлар тўғрисида» ги қонун кўриб чиқилди. Унга кўра, энди тадбиркорлар ўз товарларида ишлаб чиқарилган жой номини кўрсатиши керак. Қайд этилишича, ҳозиргача Ўзбекистонда фақат 4 та товар, хусусан, 2 та маҳаллий маҳсулотнинг географик кўрсаткичи рўйхатдан ўтказилган. Сенаторлар ишонтиришича, мазкур қонун минтақавий брендлар ривожланиши ва ҳудудларнинг туристик жозибадорлиги ошишига хизмат қилади.
Сенат раиси Танзила Нарбаева ялпи мажлис вақтида сенаторлар фаолиятидаги тадбирбозликни танқид қилди. «Сенаторлар фақатгина қўмита мажлиси ёки қайсидир тадбирда иштирок этиш билан чекланиб қолмоқда» — деди у. Қолаверса, қўмиталар етарлича ишламаётгани, улар фақат раҳбарларнинг ахборотини тинглаш билан шуғулланаётгани таъкидланди.
Самарқанд вилояти ҳокими танқидий материал ёзувчи журналист ва блогерларни моддий рағбатлантиришини маълум қилди. «Негатив» материал учун рағбатлантириш ишлари 15 февралдан бошланиб, ҳар ҳафта амалга оширилиши айтилди. Маблағлар ишида камчиликка йўл қўйган давлат хизматчилари ойлигидан тушган жарималар ҳисобига тўланади.
1 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари ҳокимларнинг манфаатлар тўқнашувига шароит яратиб берувчи яна бир қонунни маъқуллади. Гап ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби ҳақида кетмоқда. Депутат Дониёр Ғаниев ҳоким компенсация ажратишни кўриб чиқиш масаласини ўзига-ўзи киритиши ва уни яна ўзи ҳал қилишини танқид қилди. Қуйи палата спикери эса ҳокимларнинг халқ депутатлар кенгаши раиси мақоми бекор қилинсагина, бу муаммо бартараф этилишини айтди. «Унгача шу, бошқа илож йўқ», — деди Нурдинжон Исмоилов.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Махсудов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У мазкур лавозимда президентга маслаҳатчи бўлиб кетган Музаффар Комиловнинг ўрнини эгаллади.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимида ишлашда давом этади.
Депутатлар кўриб чиққан қонун лойиҳасига кўра, ҳужжати бўлмаган уйлар «снос» га тушганда, уларга ҳам компенсация тўлаб бериш таклиф этилмоқда. Бунда даъвогар мулкка 15 йил давомида ошкора ва узлуксиз эгалик қилган ҳамда солиқларни тўлаган бўлиши лозим. Лойиҳа қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
2022 йилда Тошкент шаҳрида умумий қиймати 3,8 млрд долларлик 738 та лойиҳани амалга ошириш режа қилинган. Шундан 500 та лойиҳа жорий йилнинг ўзидаёқ ишга тушиши, бунинг натижасида 27 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Президент Тошкентнинг молиявий ва иқтисодий имкониятлар кенглигини, ҳар бир туманга қўшимча 100 млн доллар жалб қилиш мумкинлигини таъкидлади.
2017−2021 йиллар давомида президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 5 млн 780 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Шундан 3 млн 288 мингдан ортиғи қаноатлантирилган.
Президент фармони билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 63 нафар шахс афв этилди. Уларнинг икки нафари 60 ёшдан ошган шахслар ҳисобланади.
Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонун, иккита халқаро ҳужжатни ратификация қилиш масаласи ва қатор қонунларга ўзгартириш киритиш муҳокама қилинади. Шунингдек, 2021 йилги давлат дастури ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботи эшитилади.
Сурхондарё вилоятининг Денов ва Қизириқ туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига янги ҳокимлар тайинланди.
Ҳафта якунида Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Пекин шаҳридаги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Хитойга боради.
Президент Шавкат Мирзиёев якшанба куни ўтказилган мажлисда маҳаллаларда ҳаёт қайнаши керак, дея таъкидлади. Ҳар бир маҳаллада, спорт майдончалари, дўкон, кутубхона ва овқатланиш жойидан ташқари, ҳаммом ҳам барпо этиш керак, деди президент. Болалар ҳаммомга спорт машғулотларидан кейин боришлари мумкин, эркак ва аёллар учун бу жой ҳафтанинг ҳар хил кунларида хизмат кўрсатади.
2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси 7 та йўналиш ва 100 та мақсаддан ташкил топган. 2022 йилда стратегияни амалга оширишга оид Давлат дастури доирасидаги тадбирларга 55 трлн сўм ва 11,7 млрд доллар ажратилади.
Президент маҳалла ва мактабларда спорт масканлари ҳамда кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил типдаги лойиҳани рад этди. Шавкат Мирзиёев маҳалла марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш вазифасини қўйди — тадбиркорларга имтиёз берилади ва бунинг эвазига ижтимоий масъулият юкланади.
Президент қарори билан 1 майдан суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини рақамлаштириш ва ишни судга қадар юритиш бўйича «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ахборот тизими жорий этилади. Тизимдаги жисмоний ва юридик шахсларга оид маълумотлар суриштирув ва тергов органларининг сўровига кўра тақдим этилади.
Президент сешанба куни кузатилган энерготизимдаги носозлик ҳақида фикр билдирар экан, айнан нимадан кўпроқ қўрққанини маълум қилди. «Энг катта қўрққаним Сирдарё ИЭС ёниб кетмасин дедим. 1982 ё 1983 йил Сирдарёда олтита станция ҳам ёниб кетган», — деди Шавкат Мирзиёев. Қолаверса, у тизимдаги раҳбарларга ҳар дақиқада аҳолини вазиятдан хабардор қилиш бўйича топшириқ берганини таъкидлади.
Президент туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилишини маълум қилди. «Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев. Қолаверса, бугундан «ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги» бошлангани эълон қилинди.
Президент фармони билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Унга кўра, 2026 йилгача эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинади. Қолаверса, 2023 йилдан ҚҚС 12 фоизгача туширилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг