Айни вақтда Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда юқори палата раиси Танзила Нарбаева асосий эътиборни сенаторларнинг фаолиятига қаратиб, «ҳозир эришилган ишларга маҳлиё бўлиб ўтирадиган давр эмаслигини» таъкидлади.

«Ҳар куни янгиликка интилишимиз, фуқаролар билан мулоқот қилишимиз, уларни ўйлантираётган масалаларнинг ечимларини топишимиз, долзарб тизимли муаммоларни аниқлашимиз ҳамда бартараф этишимизни — шу замоннинг ўзи олдимизга вазифа қилиб қўйяпти. Тан олишимиз керак бу борада сенаторлар, қўмиталар фаоиляти талаб даражасида эмас», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳудудлардаги сенаторлар ўз қўмиталаридан деярли узилиб қолган.

«Ҳудудлардаги долзарб масалаларни қўмита муҳокамасига олиб чиқиш бўйича таклиф ва ташаббуслар деярли йўқ. Сенаторларимиз фаолияти фақатгина қўмита мажлиси ёки қайсидир тадбирда иштирок этиш билан чекланиб қолмоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз керакки, Сенат қўмиталари ўзлари ихтисослашган соҳа йўналишларини ривожлантириш, мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича фаоллиги етарли эмас», — деди Танзила Нарбаева.

У мисол тариқасида Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси фаолиятида «ҳудудларда инвестициявий жозибадорликка салбий таъсир қилаётган ғовларни жумладан, қонунчиликдаги тўсиқ ва бўшлиқларни бартараф этиш, соҳада янги иш ўринларини яратиш, бу борада парламент дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш» бўйича ташаббускорлик етишмаяпти.

Шунингдек, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудлардаги ўрганишлари асосан бир хил ёндошувга тушиб қолгани танқид қилинди. Қўмита фаолияти фақатгина ҳудудий тузилма раҳбарлари ахборотини эшитиш билан чекланиб қолган.

«Қўмиталар ўз соҳа йўналишларида коррупцияга имкон берувчи омилларни чуқур ўрганишлари, аниқланган коррупция ҳолатларига кескин муносабат билдириб боришлари лозим», — деди Сенат раиси.

Бундан ташқари, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталари белгиланган вазияларни ўз вақтида ижро қилмаганлиги таъкидланди. «Мисол учун Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг ўтган йил ноябрда қабул қилинган қарорига мувофиқ, мазкур қўмиталар томонидан бир ой муддатда соғлиқни сақлаш, давлат харидлари соҳасида коррупциясиз соҳа лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2022−2023 йилларга мўлжалланган Йўл харитаси лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим эди. Бироқ қўмиталар ушбу вазифаларни эътиборсиз қолдирдилар», — деди Танзила Нарбаева.

Юқори палата раиси «бу каби эътиборсизлик ва сусткашлик ҳолатларини бошқа қўмиталар фаолиятида ҳам келтириш мумкинлигини» қайд этди.

Шу билан бирга, Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг ОАВлар ва блогерлар билан ҳамкорлиги талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди.

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ва инсон ҳуқуқлари поймол этилаётган ҳолатлар бўйича парламент назорати институтидан самарали фойдаланиб, мансабдор шахсларнинг эшитувини ўтказиш амалиётидан деярли фойдаланилмаяпти.

Сенат раиси сўзи якунида сенаторлар мажлисбозликка берилмасдан фаолият юритиши лозимлигини таъкидлади.