Таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича ислоҳотлар бошланади. Бу ҳақда президент жума кунги видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ўқитиш методикаси, дарсликлар, партадан тортиб, биносигача тўлиқ қайта кўриб чиқиш керак. Қолаверса, ўқитувчиларга муносиб шароитлар яратилади, уларнинг билим ва малакаси, дарс ўтишига талаб ҳам тубдан кучайтирилади.

«Барча даражадаги ҳокимлар бир нарсани чуқур англаб етиши керак — бугундан „ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги“ бошланади», — деди у.

Шу тариқа, туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилиши режалаштирилмоқда.

«Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади. Нима учун, кенгашлар қиляпмиз? Чунки бу ишларни, албатта халқимиз билан, кенг жамоатчилик билан кенгашиб, уларнинг фикрлари асосида амалга оширамиз. Ҳар бир янгиликни ўқитувчилар, мутахассислар, ота-оналар билан бамаслаҳат киритамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилнинг ўзида 527 та мактабни қуриш ва реконструкция қилишга 2,5 триллион сўм ажратилган ва бу маблағ келгусида янада кўпайтирилади.

Таъкидланишича, янги қурилаётган ва таъмирланаётган мактаблар ҳам ўқувчилар, ҳам педагоглар учун қулай ва мослашувчан бўлиши керак. Уларда шунингдек, қуёш панели ва иссиқ сув коллектори албатта бўлиши шарт. Бу ишлар билан энди жойларда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари шуғулланади.

Бугундан бошлаб Халқ таълим вазирлигининг қурилишга буюртмачи бўлиш ваколати тугатилади. Мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига бир ой муддатда янги талаблардан келиб чиқиб, «намунавий мактаб» лойиҳаларини тақдимот қилиш топширилди.

«Энди янги мактаблар маҳалла фаоллари, ота-оналар ва жамоатчилик назорати остида қурилади ва фойдаланишга қабул қилинади», — деди давлат раҳбари.

Аввалроқ, ушбу видеоселектор йиғилишида президент мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларни танқид қилгани ҳақида ёзгандик. У 1,5 мингдан ортиқ мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги ва ҳанузгача пахсадан қурилган 179 та мактаб борлигини айтганди. «Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз», — деганди Шавкат Мирзиёев.