Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Лойиҳанинг 23-моддаси 5-қисмида олиб қўйилиши режалаштирилган ҳудуддаги ер участкасида жойлашган, ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган турар жойга 15 йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахсларга, агар ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланса, уларга мазкур кўчмас мулк объектларининг қиймати компенсация қилиб берилишини назарда тутувчи норма билан тўлдирилди.

Ушбу тартиб аҳоли пункти ерлари тоифасига кирмайдиган ерларда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва муҳофаза этиладиган ҳудудларда жойлашган ер участкаларига нисбатан қўлланилмайди.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан илгари сурилган таклифлар ишчи гуруҳ йиғилишида ўрганиб чиқилиб, билдирилган таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солишга, низоли вазиятларни олдини олиш ва ушбу соҳадаги низоларни самарали ҳал этишга хизмат килади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.