Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят ҳаёти ҳақида танқидий материаллар ёзадиган блогерлар, журналистлар ва жамоатчилик вакилларини мукофотлаши ҳақида эълон қилди. Ҳокимнинг ушбу гапларни айтган видеоси ZarNews.uz нашрида эълон қилинди.

«15 февралдан бошлаб блогерлар, журналистлар, жамоатчилик [вакиллари] — ким бизга „негатив“ ёзиб келса, уларни манфаатдор қиламиз. <...> Уларга алоҳида пул топиб бераман. Олиб келдими [негативни], кўчадаги одам олиб келса ҳам бизга фарқи йўқ, расмга туширдими, тасдиқланса, бориб текшириб келганимизда, ўша одамга пул берамиз», — дея ваъда берди Эркинжон Турдимов.

У, шунингдек, «каттароқ материал бўлса, кўпроқ, кичикроқ материал бўлса, камроқ пул берамиз», дея қўшимча қилди.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, бу иш «халқнинг саломатлиги» учун амалга оширилади.

«Масалан, қассоб СЭСдан ўтмай, гўшт сотяпти, СЭС вакилиям кетади ишдан, жавобгарликка тортилади, қассобнинг ўзини ҳам шармандасини чиқартираман. Судга бераман, қассобчилик қилишдан маҳрум қиламан 1 йилга, ветеринария ёки лаборатория ходими лаборатория қилдирмасдан [гўштга] штампни урса, бутун дунёга шарманда қилдираман», — деди Турдимов.

Рағбатлантириш ишлари ҳар ҳафта амалга оширилиши айтилди. Турдимовнинг таъкидлашича, рағбатлантириш манбаси бюджетдан амалга оширилади.

Бунда ишида камчиликка йўл қўйган ва бюджетдан ойлик оладиган давлат хизматчилари, «масалан, маҳалла раиси ёки участкавой, ҳоким ёрдамчиси ёки ветеринар», «ойлигидан 30−40 фоиз жаримага тортилиб, бу пулларни иқтисод қилиб қолиш» ва тўпланадиган маблағлар ҳисобидан «негатив» ёзадиганларни мукофотлаш назарда тутилмоқда.